Сенат Марказий сайлов комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритишни тасдиқлади

Сенат Марказий сайлов комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритишни тасдиқлади

Бугун, 2024 йил 10 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллигинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.

Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилди.

Маълумки, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Сайлов кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Мазкур ўзгартиришлар билан Марказий сайлов комиссияси тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда тузилиши ва доимий асосда фаолият юритиши, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлиши белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, амалда фаолият юритаётган Марказий сайлов комиссиясининг 14 нафар аъзоси ўз аризаларига кўра ваколатларини зиммасидан соқит қилишни сўраган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарорларига биноан Марказий сайлов комиссияси аъзолигига Халмуҳаммед Палуаниязов ва Мухтабар Ҳусанованинг номзодлари тавсия этилган.

Дастлаб сенаторлар Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг аризалари бўйича муносабатларини билдирди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарорларига биноан Марказий сайлов комиссияси аъзолигига тавсия этилган номзодларни сайлаш масаласи кўриб чиқилди.

Муҳокама якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!