Цемент ишлаб чиқариш учун оҳактошга солиқ ставкасининг 4 бараварга камайтирилиши рақобатбардошликни оширади — “Ўзсаноатқурилишматериаллари”
Ижтимоий тармоқларда Ер қаъридан фойдаланганлик учун цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактош бўйича амалда бўлган 22,5 минг сўм солиқ ставкаси 1 кг учун 6 минг сўмга камайтирилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бу борада расмий баёнот берди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2024-2026 йилларга мўлжалланган БЮДЖЕТНОМАсида 2024 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларининг 6-бандида ер қаъридан фойдаланганлик учун цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактош бўйича белгиланган 22,5 минг сўм солиқ ставкасини 2 баробарга пасайтириш таклиф қилинаётган эди.
Чунки, 5 фоизлик солиқ ставкаси 2019 йилдан бошлаб оширилган ва бугунги кунда қадар ҳар бир тонна ишлаб чиқарилган оҳактош учун 22,5 минг сўм (ёки оҳактош таннархининг 75 фоизи) этиб белгиланганлиги цемент нархларини ошишига олиб келди. Ҳозирда бир килограмм оҳактошнинг ўртача нархи – 30 минг сўмни ташкил этади.
2023 йил 28 декабрда қабул қабул қилинган 891-сонли “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунида цемент ишлаб чиқаришда оҳактошга ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 6 минг сўм этиб белгиланди.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси цемент ишлаб чиқариш учун оҳактошга солиқ ставкасини 4 бараварга камайтирилиши ушбу маҳсулотларнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобатбардошлигини оширишига хизмат қилади деб ҳисоблайди.
Ставкалар пасайтирилганлигига қарамасдан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси оҳактош таннархидан Ўзбекистонда – 20 % ни, қўшни давлатларда яъни Қозоғистонда – 4,7 %, Қирғизистонда – 3 %, Тожикистонда - 7 %ни ташкил этади.
Маълумот учун, бугунги кунда республикамизда йилига 32,8 млн тонна (2023 йил 1 январь ҳолатига нисбатан +6,6 млн тонна, ўсиш 125%) цемент ишлаб чиқариш қувватига эга 37 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
2023 йилда 15,5 млн тонна цемент (2022 йилда 14,6 млн, ўсиш 106%) ишлаб чиқарилди.
2023 йилда цементнинг республика ички истеъмоли (ички талаб) 17,64 млн тонна прогнозлаштирилган бўлиб, амалда эса ушбу кўрсаткич 16,8 млн тоннани ташкил этди.
