ЦАҲАЛга Ғазо сектори аҳолиси чиқиб кетиши режасини тайёрлаш буюрилди

Исроил мудофаа вазири Исроил Кац Исроил мудофаа кучларига Ғазо аҳолисига Фаластин ҳудудини «ихтиёрий равишда тарк этиш» ва «уларни қабул қилишга тайёр бўлган исталган давлатга бориш» имконини берувчи режани ишлаб чиқишни топширди. «Режага чегарадан ўтиш жойлари орқали чиқиш вариантлари, шунингдек, денгиз ва ҳаво йўллари учун махсус механизмлар киритилади», — деб ёзди у 6 феврал, пайшанба куни X ижтимоий тармоғида.
Кац АҚШ президенти Доналд Трампнинг «жасур ташаббусини» маъқуллади, бу ғазоликлар учун «катта имкониятлар яратиши» мумкин бўлиб, улар қабул қилувчи мамлакатларга кўчиб ўтишига ва «Ҳамас кетганидан кейин хавф туғдирмайдиган қуролсизланган Ғазони қайта қуриш» режаларини амалга оширишга ёрдам беради, аммо «бунинг учун кўп йиллар керак бўлади».
Унинг сўзларига кўра, Ҳамас ғазоликлардан тирик қалқон сифатида фойдаланган ва «террор инфратузилмаси»ни қурган ҳамда ҳозир «уларни гаровда ушлаб, ёрдам тизими орқали пул ундириб, чиқиб кетишига тўсқинлик қилмоқда». «Ғазо аҳолиси бутун дунёда қабул қилинганидек, эркин ҳаракатланиш ва миграция ҳуқуқига эга бўлиши керак», — деди вазир.
Кац фаластинликлар кўчиб ўтиши мумкин деб ҳисоблаган давлатлар қаторида Исроилга Ғазо секторидаги хатти-ҳаракатлари юзасидан «ёлғон айбловлар қўйган» ва «қонун бўйича» минтақа аҳолисини қабул қилишга мажбур бўлган Испания, Ирландия, Норвегия ва бошқа давлатларни келтирди, агар улар рад этса, «уларнинг иккиюзламачилиги фош бўлади». Кац, шунингдек, «уюшган иммиграция дастурига» эга бўлган ва «илгари ғазоликларни қабул қилишга тайёрлигини билдирган» Канадани ҳам эслатиб ўтди.