Россияда 8-9-синфлар учун дронлар бўйича дарслик чоп этилди

Россияда 8-9-синфлар учун дронлар бўйича дарслик чоп этилди

«Роботехника» мактаб модули учун УУА қўлланмаси дронларни, шу жумладан ҳарбий дронларни йиғиш ва улар билан ишлашга бағишланган.

«Просвещение» нашриёти ва дрон ишлаб чиқарувчи «Геоскан» компанияси «Меҳнат (технология)» фанидан «Роботехника» мактаб модули учун дронлар бўйича биринчи дарсликни чиқарди. Бу ҳақда 11 сентябр, чоршанба куни ТАСС давлат ахборот агентлиги «Просвещение» матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Дарслик 8-9-синф ўқувчилари учун чиқарилган. Материал жами 34 соатга мўлжалланган. Қўлланма олти бобни ўз ичига олади: учувчисиз авиацияга умумий кириш, дронларнинг таснифи ва дизайни, учувчисиз учоқларнинг электрон компонентлари, қўлда учириш асослари, автоном парвозларни дастурлаш, учувчисиз учоқлар дунёсидаги тенденциялар ва касблар.

Россия мактабларида, Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан сўнг, УУА технологиялари бўйича ўқитиш фаол жорий қилинмоқда. Бундай алоҳида модулнинг мактаб ўқув дастурига киритилгани 2024 йил февралида маълум бўлди. Россия Федерацияси таълим вазирининг ўринбосари Татяна Василева айтганидек, гап «ҳарбий хизматга тайёргарлик ва ватанни ҳимоя қилиш» кўникмалари ҳақида кетяпти. Шунингдек, фуқаролик ҳудудларида қўлланадиган УУА технологиялари ҳам ўрганилади, дея қўшимча қилди Василева.

Жанговар УУА асослари мактаб ўқув дастурига киритиляпти

Ўтган йилнинг август ойида мактабларнинг 10-11-синфлар учун бошланғич ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув дастурига дронлардан фойдаланиш асосларини ўргатиш киритилган эди.
«Техник тайёргарлик ва алоқа асослари» модули доирасида мактаб ўқувчиларига дронлардан жанговар фойдаланиш усуллари ва улар ёрдамида ер релефини ўрганиш ўргатилади. Бундан ташқари, ўқувчилар «душман учувчисиз учоқларига қарши курашиш алгоритми»ни билиши ва «УУАни бошқариш бўйича амалий ҳаракатларни бажариши» шарт»,
— дейилади Таълим вазирлиги матбуот хизмати хабарида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!