Россия Украина билан тинчлик музокараларидан манфаатдор эмас, бироқ...

Россия Украина билан тинчлик музокараларидан манфаатдор эмас, бироқ...

Америка урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотларига кўра, Россия Украина билан тинчлик музокараларидан манфаатдор эмас, бироқ Ғарб давлатларини бунинг аксига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда.

ISW экспертларининг фикрича, Владимир Путин, унинг матбуот котиби Дмитрий Песков ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўнгги баёнотлари Россия кўпроқ Ғарб давлатларини тинчлик музокаралари мумкинлигига ишонтиришга уринаётганидан далолат беради.

Институт Путин ва Германия канцлери Олаф Шолц ўртасидаги телефон суҳбатларидан сўнг Кремль ҳисоботларига эътибор қаратди. Россия президенти Германияни Украинага қурол-яроғ юбориш сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирди ва бундай ҳаракатларни "бузғунчи" деб атади. Айтилишича, қурол етказиб бериш Киевни музокаралардан бош тортишга ундамоқда. Шолц, ўз навбатида, Украинадаги можаронинг ҳар қандай дипломатик ечими Россия қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетиш эканлигини таъкидлади.

Путин ва Шолц ўртасидаги музокаралар арафасида АҚШ президенти Жо Байден "агар у урушни тугатишдан манфаатдор бўлса" Россия президенти билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди. Бироқ бунинг даргумон эканлигини ҳам қўшимча қилди. Дмитрий Песков ушбу баёнотни изоҳлар экан, "махсус ҳарбий операция" давом этишини эслатди. Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг Россия томонидан аннексия қилинган ҳудудларни тан олмаслиги "ўзаро муҳокама учун асослар қидиришни мураккаблаштиради".

Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 1 декабрь куни Москва томонидан 2021 йил охирида таклиф қилинган "хавфсизлик кафолатлари"ни эслатиб, Ғарбни уларни муҳокама қилишга чақирди.

ISW экспертларининг фикрича, Россия расмийларининг баёнотлари Ғарбни Кремлнинг музокараларга тайёрлигига ишонтириш учун мўлжалланган, лекин бу Украина ва иттифоқчилар ён босганидан кейин содир бўлади. Шу билан бирга, Москва музокаралар мавзуси сулҳ, тинчлик жараёни ёки якуний тинчлик битими бўладими, аниқлик киритмади.

Урушдаги танаффус Россия учун фойдали бўлган бўлар эди, дейди ISW, лекин Путин ўт очишни тўхтатишдан манфаатдор эмас ва хақиқатдан йироқ талаблар қўймоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!