Теҳрон ядровий ултиматумга тайёргарлик кўряптими?
АҚШ ва Исроил томонидан Эроннинг ядровий инфратузилмасига қарши узлуксиз ҳужумлар фонида, Теҳрон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан (ДНЯҚШ) чиқиш қарорига жуда яқинлашди. Tasnim агентлиги хабарига кўра, Эрон парламенти ва куч тузилмаларида ушбу чорани муҳокама қилиш фаол босқичга ўтган. Эрон томони асосий далил сифатида МАГАТЭ (Халқаро атом энергияси агентлиги) мамлакатнинг тинч ядровий технологияларини ҳимоя қила олмаётганини, бу эса агентлик низомига зид эканини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, расмий Теҳрон МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гроссини Эрон объектларига зарбаларни билвосита қўллаб-қувватлашда айбламоқда, чунки халқаро назоратчи томонидан ҳужумлар расман қораланмаган.
Эроннинг бундай қадами глобал ва минтақавий хавфсизлик учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. ДНЯҚШдан чиқиш автоматик равишда МАГАТЭ инспекцияларининг тўхтатилишига ва Эрон ядровий материаллари ҳолати бўйича “узлуксиз назорат”нинг йўқолишига олиб келади. Ғарб таҳлилчиларига кўра, бу очиқ ядровий қурол ишлаб чиқишга ўтиш сигнали бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, бу Яқин Шарқда “домино эффекти”ни келтириб чиқариши эҳтимоли бор: бошқа давлатлар ҳам ўз ядровий ҳимоясини яратишга мажбур бўлиши мумкин, бу эса глобал миқёсдаги тарқатмаслик тизимини издан чиқаради.
Вазият яна шуниси билан мураккаблашмоқдаки, Натанз ва Фордо каби ядровий объектларга зарбалар радиация ифлосланиши хавфи ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамай давом этмоқда. Эрон расмийлари таъкидлашича, шартномадан чиқиш ядровий бомба яратиш истаги эмас, балки инспекторлар ниқоби остида олиб борилаётган “жосуслик фаолияти”ни тўхтатиш чораси ҳисобланади.
Бироқ халқаро ҳамжамият бу баёнотларни мамлакат ядровий доктринасини тубдан ўзгартиришга тайёргарлик сифатида баҳоламоқда. Эрон аллақачон 60% гача бойитилган етарли миқдордаги уранга эга эканини инобатга олсак, МАГАТЭ билан алоқаларнинг узилиши дипломатик ечим учун жуда кам вақт қолдиради.
