Россия ССВ делегацияси Ғалаба боғи билан танишди

Россия ССВ делегацияси Ғалаба боғи билан танишди

Кеча юртимизга Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко бошчилигидаги делегация ташриф буюриб, мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишмоқда.

Делегация аъзолари Cоғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Хаджибаев билан учрашиб, соҳада амалга оширилиши кўзда тутилган ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Меҳмонлар Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида ҳам бўлиб, коронавирусни даволаш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси билан танишди ва Ўзбекистонда қисқа фурсатларда шундай улкан мажмуанинг барпо этилгани таҳсинга лойиқ эканини таъкидлашди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Унга кўра, юртимизда ушбу университетнинг филиали ташкил этиладиган бўлди.

Филиалнинг клиник базалари сифатида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, муассасани жойлаштириш учун эса Чилонзор тиббиёт коллежи танланган. Делегация аъзолари ушбу учта муассасаларда ҳам бўлишди.

Бундан ташқари, меҳмонлар Болалар миллий тиббиёт марказида ҳам бўлиб, бу муассасанинг тиббиёт соҳасидаги замонавий талаблар асосида қурилгани, жиҳозлангани ва кадрлар билан таъминланганини эътироф этишди.

Бугун эса делегация аъзолари юртимизда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 12 гектар майдонда барпо этилган Ғалаба боғида бўлишди. Ғалаба боғи ҳар бири алоҳида мавзуга эга бўлган икки қисмдан иборат бўлиб, биринчисида ўзбекистонликларнинг жанглардаги иштирокидан лавҳалар, иккинчисида фронт ортидаги республика ҳаёти акс этган.

Шу вақтга қадар Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 500 минг нафарга яқин киши иштирок этган, деб ҳисобланар эди. Янги топилган маълумотларга кўра, 1 миллион 951 минг нафарга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Шунингдек, 200 минг нафардан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳужжатлар орқали ўз тасдиғини топди.

Шунингдек, янги аниқланган маълумотларга кўра, уруш ўчоғига айланган ўлкалардан юртимизга 1 миллион 500 минг нафар киши, жумладан, 250 минг нафардан зиёд бола эвакуация қилинган. Халқимиз уларга ўз уйидан жой бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрган.

Делегация аъзолари улкан мажмуа билан танишар экан, Ўзбекистон халқининг Ғалабага қўшган ҳиссаси юқори экани, ҳатто фронт ортида ҳам юртдошларимиз ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз меҳнат қилгани, жанг майдонларига самолёт ва танклар, қурол-яроғ, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб турганини эътироф этишди.

Шу билан Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг юртимизга ташрифи ўз ниҳоясига етди.

Томонлар тиббий таълим, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам, онкогематология, жумладан, болалар онкогемотологияси хизматини ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталик, жамоат саломатлиги каби қатор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олишди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!