Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларига айрим харажатлар учун компенсация тўланади
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-779-сон, 16.06.2022 й.) билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди.
🔰 “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
⏳Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганида маълум қилади (илгари 15 кун эди).
☑️ Шунингдек, кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида 3 кун олдин хабардор қилиши керак.
🚫 Сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
💰Референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади.
❕Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланди.
➡️ Қонун билан “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, сайлов округининг ҳудуди бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибига ўтказилганда ёки унинг ҳудудида янги маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилган тақдирда ушбу сайлов округидан сайланган депутатнинг ваколатлари сақлаб қолинади.
📋 Шунингдек, Сайлов кодексига “Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Қонунга “Маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари ҳал этилаётганда сайлов округларининг чегараларини ўзгартириш” моддалари киритилди.