Қўшни давлатлардан ўқишни кўчириш: энг кўп берилаётган саволлар
Кенг жамоатчиликка бевосита Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилиш имкониятини яратиш мақсадида бугундан ишга туширилган @zamonaviytalim_bot манзилига ҳамюртларимиздан жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Бугуннинг ўзида @zamonaviytalim_bot манзилига уч мингга яқин мурожаат келиб тушди.
Мурожаатларда асосан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сон баёни билан қўшни давлатлар олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ўқишини республикамиз олий таълим муассасаларига кўчиришга рухсат берилгани тўғрисида саволлар берилган.
Энг кўп берилаётган саволларга жавобларни эълон қиламиз.
Ҳужжатларни талабанинг ўзи топшириши керакми ёки яқин қариндошлари томонидан ариза тўлдириш мумкинми?
Республика олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бўйича ариза бевосита талабгорнинг ўзи томонидан жойида тўлдирилади ҳамда зарур ҳужжатлар тақдим этилади.
Ҳудудий ишчи гуруҳларга қандай ҳужжат тақдим этилади?
✅ Фуқаролардан Ҳудудий ишчи гуруҳларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари сўралади:
? ариза (жойида тўлдирилади);
? рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома (транскрипт) нусхаси;
? паспорт нусхаси.
Нодавлат олий таълим муассасасидан ҳам ўқишни кўчириш рухсат этилади?
Республика олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бўйича мурожаат қилиш учун қўшни давлатларда таҳсил олаётган олий таълим муассасасининг мулкчилик шакли бўйича чекловлар йўқ. Давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари талабалари бирдек ўқишни кўчиришлари мумкин. Фақатгина ўз давлатида олий таълим муассасаси сифатида давлат аккредитациясидан ўтган бўлиши лозим.
Сиртқи ва кечки таълимда таҳсил оладиганлар ҳам ариза топшириши мумкинми?
Қўшни давлатлар олий таълим муассасаларида исталган таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини Ўзбекистонга кўчириш бўйича ариза топширишларига рухсат этилади.
Қайси давлатларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишини кўчириш учун рухсат этилади?
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сон баёни билан қўшни давлатлари – Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларига ўқишини кўчириш бўйича ариза топширишга рухсат берилади.
Россия Федерацияси, Украина бошқа МДҲ давлатлари, хорижий давлатларда таҳсил олаётган талабалар амалдаги тартибга кўра (https://lex.uz/docs/3244181), Ҳудудий ишчи гуруҳларга 2020 йилнинг 15 июлдан 5 августга қадар мурожаат қилишлари мумкин.
Ўқишни бюджетга кўчирса бўладими?
Қўшни давлат олий таълим муассасаларида бюджет ва тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган талабалар Ўзбекистон ОТМларига ўқишини кўчириш бўйича ариза топширишлари мумкин. Бунда Ўзбекистонга ўқишни кўчиришда тўлов-контракт асосида кўчиришга рухсат берилади.
Бюжетда ўқиш учун ёзда танловда иштирок этиш талаб этилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
