Қаршида аёл нега уйидан мажбуран чиқарилди? МИБ изоҳ берди
Банк кредити учун гаровга бино ёки турар-жойларни қўйишда эҳтиёт бўлиш лозим.
Жорий йилнинг 16 декабрь куни ижтимоий тармоқларда фуқаро Н.Раупова ноҳақликка учраётгани ва уйидан мажбурий чиқарилаётганлиги ҳақидаги хабарлар жойлаштирилди.
Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими иш юритувида Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 24.01.2022 йилдаги ижро варақасига асосан қарздорлар Н.Раупова, Д.Кадиров, Х.Саъдуллаев ва Р.Рауповдан АТБ “Инфинбанк” Қашқадарё вилоят филиали фойдасига 853 млн. 211 минг сўм кредит қарздорлиги ва шу суднинг 25.04.2022 йилдаги ижро варақасига асосан 83 млн. 605 минг сўм кредит фоизини ундириш, ундирувни қарздор Н.Рауповага тегишли бўлган гаровдаги Қарши шаҳри, “Хонтепа” МФЙ, “Култепа” кўчасидаги хонадонларнинг бирига қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мавжуд.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан, қарздор Н.Раупова суд қарорлари, шунингдек, давлат ижрочисининг ижро ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарори билан таништирилган.
Ижро иши суд томонидан бир неча бор тўхтатилиб, яна ижрога қаратилган.
Ижро ҳаракатлари даврида АТБ “Инфинбанк” Қашқадарё вилоят филиали, давлат кадастрлар палатаси Қарши шаҳар филиали ходимлари ва холислар иштирокида гаровдаги Қарши шаҳар, “Хонтепа” МФЙ, “Култепа” кўчасидаги 14-хонадон хатланган ва шу куни мол-мулкни электрон-онлайн аукционда сотиш учун чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шундан сўнг 25.10.2022 йилда электрон-аукцион савдоси давом эттирилиб, бу ҳақида Н.Рауповага таништирилган.
Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази ДУКнинг 12.12.2022 йилдаги баённомасига кўра, фуқаро Р.Олмосов аукцион ғолиби деб топилган. Шу сабабли Р.Олмосовга 15.12.2022 йилда ушбу турар жой Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими томонидан далолатнома асосида топширилган ва сотилган мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Уй-жойда бўлган қарздор Н.Раупова тегишли бўлган барча турдаги моддий қийматга эга бўлган мол-мулклари ҳеч қандай талофатсиз ўзига тилхат асосида топширилган.
Ижро ҳужжати ижроси амалда тамомланган ва бу жараёнда ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилмаган.
