Путин "Қорабоғда ҳалок бўлганлар сони 4 мингдан ошди, қочқинлар 8 мингдан кўпроқ"

A A A
Путин "Қорабоғда ҳалок бўлганлар сони 4 мингдан ошди, қочқинлар 8 мингдан кўпроқ"

Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғдаги гуманитар масалаларни ҳал қилиш бўйича ўтказилган йиғилишда Арманистон ва Озарбойжон ўртасида кечган жангларда қанча тинч аҳоли ҳалок бўлганини айтди.

“Жанглар оқибатида тинч аҳоли орасида қурбонлар сони 4 мингдан ошди, 8 мингдан кўпроқ киши яраланди, қочқинлар сони турли маълумотларга кўра ўн минглабни ташкил қилмоқда, фуқаролик инфратузилмаси, кўплаб маданий объектлар вайрон бўлган”, деб таъкидлаб ўтган Путин.

Россия етакчисининг таъкидлашича, ихтилофда жабр кўрганларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ва осуда ҳаётга қайтишда ёрдам бериш лозим. 

Путин шу мақсадда Россия ташқи ишлар вазирлигига Тоғли Қорабоғнинг гуманитар муаммоларини ҳал қилишда ЕХҲТнинг Минск гуруҳи, Халқаро Қизил хоч жамияти, БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳамда ЮНЕСКО билан алоқани йўлга қўйиш вазифасини топширган.

Путин ихтилофни Озарбойжон, Арманистон ва Россия етакчиларининг уч томонлама баёноти эвазига тўхтатишга муваффақ бўлинганини қайд қилиб ўтган. У, шунингдек, “Тоғли Қорабоғ ихтилофи” иборасини бошқа қўллашга ҳожат қолмаслигига умид билдирган. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!