Озарбайжонда карантин режими яна бир ойга узайтирилади
Коронавирус сабабли Озарбайжонда киритилган карантин режими 31 майгача узайтирилди. Шу билан бирга баъзи чекловларни енгиллаштиришга қарор қилинган.
Таъкидланишича, ушбу қарор мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ санитар-эпидемиологик вазият таҳлилидан кейин, бошқа давлатлардаги чоралар ҳамда ЖССТ тавсиялари асосида қабул қилинган.
Республиканинг баъзи ҳудудларида, жумладан пойтахт Бокуда 4 майдан давлат тузилмалари ходимларининг муайян қисми ишлашни бошлайди, хусусий савдо объектлари, сартарошхоналар, гўзаллик салонлари фаолияти тикланади.
Шунингдек, республиканинг барча шаҳарлари ва туманларида, Боку ва яна бир неча йирик шаҳар ва туманлардан ташқари, 4 майдан ресторанлар, кафеларда мижозларга хизмат кўрсатиш бошланади, боғлар, хиёбонлар ва бошқа дам олиш жойларига киришга тақиқлов олинади. Шунингдек, йирик аҳоли пунктларидан ташқари, шаҳарлар ва туманлар орасида қатновлар тикланади, одамларнинг уйдан чиқишига смс-рухсатлар тизими бекор қилинади.
Бутун мамлакат бўйлаб 31 майгача мактаблар, олий таълим муассасаларида машғулотлар ўтказилмайди. Шунингдек, жамоат жойлари, боғлар ва хиёбонларда 10 кишидан кўпроқ бўлиб йиғилиш тақиқланади.
Шу билан бирга, мамлакатда эпидемиологик вазият ёмонлашгудек бўлса, карантин режими яна қатъийлаштирилиши мумкин.
Охирги маълумотларга кўра, Озарбайжонда коронавирусга чалинганлар сони 1,8 мингдан кўпроқни, ундан вафот этганлар сони 25 нафарни ташкил қилмоқда.
