Олотда йирик қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда

A A A
Олотда йирик қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда

Президентимизнинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида қурилишига старт берилган яна бир йирик лойиҳа Олот тумани марказидан 24 километр олисда 700 гектар чўл ҳудудида қад ростламоқда. Бу ерда Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи “Masdar” компанияси томонидан қуввати 250 МВт бўлган “Нур-Бухоро” қуёш фотоэлектр станцияси ва 63 МВт қувватли энергия сиғимига эга батарея омбори қурилиши ишлари бошлаб юборилган.

– Мазкур лойиҳани амалга ошириш борасидаги келишувдан сўнг, компаниямиз мутахассислари бу ерга келиб, ўрганиш ва амалий ишларни бошлаб юборган эди, –дейди лойиҳа менежери Бхаскар Редди. – Шахсан давлатингиз раҳбари томонидан лойиҳага старт берилиши катта воқелик бўлди. Қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш борасида дунёда етакчи ҳисобланган компаниямизнинг юртингиздаги дастлабки лойиҳаси эмас. Бугун Ўзбекистон раҳбари яшил энергия ресурсларини яратишга катта қизиқиш билдириб, компаниямизга ишонч билдираётгани бизни қувонтиради. Мазкур лойиҳанинг қурилиши бир йилга мўлжалланган. Шунингдек, лойиҳа давомида маҳаллий кадрларнинг малака ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув курсларини ҳам ташкил этиш режамиз бор.

– Бизга ажратилган электр энергиянинг 85 фоизи насос станцияларга кетарди, – дейди Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова. – Ҳозир мана шу қуёш фотоэлектр станцияси ишга тушса, насос станциялари тўхтамасдан ишлайди. Бундан ташқари, аҳолини электр энергияси билан таъминлашда муаммо бўлмайди. Захирада ҳам 63 МВт доимий электр энергия бўлади.

Истеъмолчиларнинг энергия таъминоти барқарорлигини ошириш, электр ишлаб чиқариш самарадорлигига эришиш каби мақсадларни ўзида мужассам этган лойиҳа туман эҳтиёжининг 70 фоиздан ортиқ қисмини қоплаш имконини беради.

Вилоятнинг олис ҳудуди Олотда ҳам кейинги йилларда саноат, ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиб бораётгани, қолаверса, Бухоро ва Навоий вилоятларини сув билан таъминловчи йирик насос станцияларининг ҳудудда жойлашганини инобатга олсак, бу йўналишда ҳам унинг аҳамияти нақадар муҳимлигини англаш мумкин.

“Нур-Бухоро” станцияси ушбу хориж компаниясининг юртимиздаги муқобил энергия ишлаб чиқарувчи тўртинчи йирик мажмуасидир. Унинг ишга туширилиши воҳанинг электр энергиясига бўлган талабини қондиришга хизмат қилиши баробарида, ҳудуд аҳолиси учун юқори даромадли минглаб янги иш ўринларини ҳам яратишга асос бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!