Нетаняху БМТ Хавфсизлик кенгашини Эроннинг ядро қуролига эга бўлишининг олдини олишга чақирди
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқида ташкилот Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилиб, Эронга қарши санкцияларни қайта жорий этиш ва Эрон ядро дастури ривожланишига йўл қўймасликни сўради.
«Мен Хавфсизлик Кенгашини Эронга қарши санкцияларни тиклашга чақираман, чунки Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслиги учун барчамиз қўлимиздан келганини қилишимиз керак», деди у.
Нетаняхунинг сўзларига кўра, Эрон «ядровий дастурини ҳарбий асосга ўтказишга интилмоқда».
«Мамлакатларингиз тинчлиги ва хавфсизлиги учун, бутун дунё тинчлиги ва хавфсизлиги учун биз бунга йўл қўя олмаймиз», деди Нетаняху.
Унинг фикрича, «Эрон агрессияси» бутун Яқин Шарқ минтақасига, узоқ муддатда эса бутун дунёга таҳдид солиши мумкин.
«Эрон ўз радикализмини Яқин Шарқдан узоққа ёйишга интилади. Шунинг учун у беш қитъада террорчилик ташкилотларини молиялайди, шунинг учун бутун дунёга таҳдид соладиган ядро каллакларига эга баллистик ракеталарни яратади», - деди Нетаняху.
У агар Эрон унга ҳужум қилса, мамлакати жавоб қайтаришга ваъда берди. «Теҳрон золимларига бир гапим бор: агар сиз бизни урсангиз, биз ҳам сизни урамиз, Эронда ҳам бутун Яқин Шарқда Исроилнинг узун қўли ета олмайдиган жой йўқ», - деди бош вазир. .