Москва вилоятидаги даҳшатли ёнғинда 8 киши ҳалок бўлди

Москва вилоятидаги даҳшатли ёнғинда 8 киши ҳалок бўлди

Москва области Фрязино шаҳридаги «Платан» илмий-тадқиқот институти ҳудудида рўй берган ёнғин саккиз кишини ҳаётдан олиб кетди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, бинода жами тўққиз киши бўлган, шундан фақат бир киши қутқарилган. У шифохонага ётқизилиб, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган. Шунингдек, икки ўт ўчирувчи ис газидан заҳарланиш белгилари билан шифокорларга мурожаат қилган.

Маҳаллий манбаларга кўра, қурбонлар соат 14:30 дан буён деразада туриб, қутқаришларини кутган. Аммо ўт ўчирувчилар уларга етиб бора олмаган. Уларнинг ишини юқори ҳарорат ва қуюқ тутун қийинлаштирган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда ичкарида қолиб кетган одамлар бино деразаларини синдираётгани акс этган. Кейинроқ икки киши 6 ва 7-қаватдан ўзини пастга ташлаб ҳалок бўлгани акс этган видеолар тарқалди, қолганлар ис газидан бўғилиб жон берган ёки оловда ёниб кетган.

ТАСС маълумотига кўра, бинонинг тўрт қавати буткул ёниб кетган. Бинода портлаш ҳам содир бўлган, олтинчи қаватда газ баллони портлаб кетган.

Ёнғинни ўчиришга 100 дан ортиқ ўт ўчирувчилар, ўнлаб ўт ўчириш машиналари, Ка-32 русумли иккита вертолёт жалб этилган.

Област губернатори Андрей Воробев воқеа жойига 16 та тез ёрдам бригадаси етиб келганини хабар қилган.

Москва области прокуратураси ёнғин сабаблари ўрганилаётганини маълум қилган.

Тергов қўмитаси РФ Жиноят кодексининг 109-моддаси, 3-қисми (эҳтиётсизлик туфайли инсонлар ўлимига сабабчи бўлиш) бўйича жиноий иш очган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!