"Мен армияга Ғазода кўпроқ ҳудудни эгаллашни буюрдим"

Исроил Мудофаа вазири Исроил Кацнинг айтишича, агар Хамас гаровга олинганларни озод қилмаса, Исроил Ғазо секторидаги қўшимча ҳудудларни аннекция қилиши мумкин.
💬 “Мен армияга Ғазода кўпроқ ҳудудни эгаллашни буюрдим. ХАМАС гаровга олинганларни озод қилишдан қанчалик узоқ бош тортса, шунчалик кўп ҳудудни йўқотади – ва бу ер Исроил томонидан аннекция қилинади”, — дейилади унинг баёнотида.
Катз, шунингдек, буфер зоналарини кенгайтириш ва Исроил тинч аҳолиси ва аскарларини ҳимоя қилиш учун Ғазони доимий равишда эгаллаш билан таҳдид қилди.
Ғазога янгиланган ҳаво ҳужумлари сешанба куни бошланганидан буён 504 киши ҳалок бўлди, дея маълум қилди Ғазо фуқаролик мудофааси қўмитаси. Бу 2023-йил октябр ойида можаро бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичлардан бири.
Исроил кучлари Ғазо жанубидаги Шабура ҳудудини ҳам қўшиш учун қуруқликдаги амалиётини кенгайтирмоқда ва шунингдек, шимолдан жанубга асосий йўлни ёпиб қўйди.
Исроил президенти Исаак Гертсог жанговар ҳаракатлар қайта бошланганидан хавотир билдирди: “Агар гаровга олинганларни қайтариш каби муқаддас миссия ҳали бажарилмаган бўлса, ҳарбий амалиётларни давом эттиришни тасаввур қилиб бўлмайди”.
Шу фонда Қуддусда ҳукумат ҳаракатларига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Иштирокчилар Бенямин Нетаняхуни ҳужумни давом эттириш учун гаровга олинганларнинг хавфсизлигини эътиборсиз қолдирганликда айбламоқда.
Октябр ойида ХАМАС томонидан асирга олинган 251 кишидан 58 нафари асирликда қолмоқда, армия маълумотларига кўра, 34 нафари ўлган.
Исроил сулҳнинг иккинчи босқичи бўйича музокара қилишдан бош тортди ва кенгайтирилган биринчи босқич доирасида барча гаровга олинганларни қайтаришни талаб қилди, Хамас буни аввалги келишувни қайта кўриб чиқишга уриниш сифатида кўрди.
Катснинг қўшимча қилишича, Исроил Хамасга нафақат ҳарбий, балки фуқаролик босимини ҳам қўллайди, жумладан, Доналд Трамп маъмурияти томонидан таклиф қилинган фаластинликларни араб мамлакатларига жойлаштириш ва Ғазони Ўрта ер денгизи курортига айлантириш ғояси.
Оқ уй Исроилнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади. Матбуот котиби Керолин Левиттнинг айтишича, президент Трамп Исроилнинг Ғазодаги амалиётларини қайта бошлашини "тўлиқ қўллаб-қувватлайди".
Бунга жавобан ХАМАС Тел-Авивга ракета зарбалари берди - бири тутиб олинди, иккитаси аҳоли пунктларига тушиб кетди. Бу гуруҳнинг тинч аҳоли қурбонлари сони ортиб бораётганига биринчи ҳарбий жавобидир.