Меҳнат мигрантларига қандай имтиёзлар жорий қилинмоқда?

Меҳнат мигрантларига қандай имтиёзлар жорий қилинмоқда?

Мамлакатимизда меҳнат миграцияси масалаларини тартибга солиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, чет элга кетишдан олдин юртдошларимизнинг касбий маҳоратини ошириш имкониятини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Хўжаева билан суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда хорижда ишлаш истагида бўлган юртдошларимизни давлат томонидан чет мамлакатларга юбориш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Дарҳақиқат, мамлакатимизда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни чет элга тартибли ва хавфсиз жўнатиш бўйича муайян ишлар қилинмоқда. Жумладан, охирги 2 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 70 минг киши ривожланган давлатларга юборилган. Хусусан, 2023 йилда 38,4 минг фуқаро хорижда ишга жойлаштирилган бўлса, 2024 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 20,9 минг нафарни ташкил этди. Бу сўнгги йилларда миграция соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ишларнинг амалий ифодасидир.

Шунингдек, чет элда ишлаш талабгорларининг иш берувчининг талабларига мувофиқлигини максимал даражада ошириш учун қатор мамлакатлар тилини ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш марказлари очилди. Хусусан, 32 та мономарказ, 53 та касб-ҳунарга ўқитиш ва 13 та қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш маркази, 10 та хорижий ташкилот билан ҳамкорликда 48 та курслар фаолияти йўлга қўйилди.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди. Сўнгги йилларда хорижда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатилди, уларнинг муаммолари ўрганилиб, тизимли ҳал этилмоқда.

– Меҳнат мигрантларимизни ишга юбориш бўйича қайси давлатлар билан, қандай йўналишдаги фаолиятлар учун шартномалар тузилган?

– Бугунги кунда 28 та давлатнинг 300 га яқин иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг бизга тақдим этган маълумотларига кўра, ҳозир 16 та давлат, шу жумладан, 10 та иқтисодий ривожланган давлат иш берувчиларида Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштириш учун 160 мингта иш ўринлари аниқланган. Биргина Европа давлатлари билан ҳамкорликда 100 мингдан ортиқ иш ўринларига юртдошларимизни жалб қилиш бўйича 30 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Мисол учун, Германиянинг 23 та иш берувчи ва рекрутинг агентлиги билан 60 мингга яқин юртдошларимиз тиббиёт, ҳайдовчилик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғридан тўғри ва Ausbildung (дуал таълим) асосида ишга жалб қилинмоқда. Уларга ўртача 2,1 минг доллар иш ҳақи таклиф қилиняпти.

Йил бошида Англияда электро-механик, қассоблик ва қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга 7,5 минг иш ўрни аниқланган бўлса, бугунги кунда яна тиббиёт йўналишида 10 мингта иш ўрнига талабнома олинган. Литва, Латвия, Польша, Болгария, Финляндия ва бошқа Европа давлатларига ҳам 27 мингдан ортиқ фуқароларни юк машина ҳайдовчилиги, ишлаб чиқариш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ишга юбориш бўйича лойиҳалар амалга оширилаётгани эътиборга молик.

Шунингдек, бу йил илк маротаба Кореяга ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасига 15,5 минг иш ўрнига квота олинган. Кореяда ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 минг долларни ташкил қилади.

– Маълумки, шу йил 2 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда Президентимиз томонидан миграция масалаларига оид қатор вазифалар белгилаб берилди. Бунинг мантиқий давоми сифатида 4 апрель куни «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди. Шулар ҳақида тўхталиб ўтсангиз – мигрантлар учун қандай янгилик ва имтиёзлар жорий қилинмоқда?

– Дарҳақиқат, бу борада давлатимиз раҳбари томонидан бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, 27 та профессионал таълим муассасасида янги ўқув курслари йўлга қўйилиши, унда хорижда ишлаш истаги бўлган фуқаролар 1 йилгача муддатда тўлов-контракт асосида тайёрланиши, фуқароларни чет тилига ўқитишда хусусий ўқув марказлари билан ҳамкорлик қилиниши айтилди.

Президентимиз фармони билан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига давлат муассасаси мақоми берилди. Авваллари Агентлик ўзини ўзи маблағ билан таъминлаган бўлса, эндиликда эса қисман давлат бюджетидан ҳам маблағ ажратилади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўлими ташкил этиладиган бўлди.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, 2024 йил 1 июлдан бошлаб хусусий бандлик агентликларига хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикасининг ташқарисида ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатганлик учун ҳақ ундиришга рухсат этиладиган бўлди.

Фармон билан «2024-2025 йилларда миграция соҳасидаги устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ҳам тасдиқланди. Ундаги 5 бўлимда 29 та банддан иборат бўлган вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, миграция соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, жорий йил якунига қадар Ўзбекистон Республикасининг миграция сиёсати йўналишида 2030 йилгача бўлган стратегиясини ишлаб чиқиш, ушбу соҳада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, ички миграция масаласига оид ва бошқа бир қатор муҳим вазифалар ўз аксини топган.

Чет элда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимиз турли муаммоларга дуч келиб қолган пайтларда қаерга мурожаат қилишни, кимдан ёрдам олишни билмасди. Бундай масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш учун элчихоналар ва тегишли вазирликларда 24 соат ишлайдиган «колл-марказлар» ташкил этилиши айни муддао бўлди. Бунда чет элдан чиқувчи абонентлар учун қўнғироқларни бепул амалга ошириш имконияти яратилади.

Шунингдек, Президент фармонида белгиландики, 2024 йил 1 июндан бошлаб «Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ва касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 3 бараваригача, «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар учун БҲМнинг 5 бараваригача, йўл чиптаси учун БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда компенсация тўланади. Авваллари хорижга ишлаш учун кетаётганлар уйидаги молини сотиб ёки қарз олиб кетишга мажбур бўларди. Эндиликда бу муаммо ҳам бартараф этилади. Чет тили бўйича халқаро ёки унга тенглаштирилган сертификат олган фуқарога эса тил ўрганиш учун сарфлаган харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Илгари хориждан қайтган фуқароларимиз иш топишда айрим тўсиқларга дуч келишарди. Бу борадаги вазият ҳам тубдан ўзгарди. 2024 йил 1 июндан бошлаб меҳнат миграциясидан қайтганларни ишга олган корхонага ҳар бир ходим учун бир йил давомида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ойига 500 минг сўмдан субсидия бериладиган бўлди. Ушбу тадбирларга бу йил учун 100 миллиард сўм ажратилади.

Бундан ташқари, 2024 йил 1 июндан бошлаб меҳнат миграциясидан қайтганлар ва уларнинг оила аъзолари бепул тиббий кўрикдан ўтказилади.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор ижобий ишлар йўлга қўйилган. Юқоридаги Президент фармонида белгиланган вазифалар доирасида эса бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаяди ва хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимизга янада енгиллик ҳамда қулайликлар яратилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!