"Мактабларга пуллик қабул конституцияга зид эмас"
Facebook тармоғидаги "Адлия маслаҳатчиси" никли фойдаланувчи талабгир мактабларга қабул шартлари конституцияга мувофиқлиги ҳақида тушунтириш берди. Бу ҳақда "minbar.uz" ёзмоқда.
Бу фойдаланувчи Адлия вазирлигига алоқаси бор деб ишонилган «Адлия билан мулоқот» гуруҳининг маъмурларидан биридир.
Масала тарихи: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарорига мувофиқ Тошкентдаги 81 та мактабда тажриба ўтказилмоқда. Унга кўра бошқа микроҳудуддаги мактабларнинг 1-синфига ҳужжат топширганлар ва мактаб ёшига етмаган болалар қўшимча квота асосида қабул қилиниши, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғим ундирилиши белгиланган эди.
Ҳужжат эълон қилингандан сўнг ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчилар ушбу янги тартиб конституциянинг 41-моддасига зид эканини айтган.
Адлия маслаҳатчисига кўра:
- Конституциянинг 41-моддасининг 2-қисмига кўра бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Вазирлар Маҳкамасининг қароридан кейин ҳам давлат томонидан ушбу кафолатланиши керак бўлган ҳуқуқлар ҳар бир фуқаро учун таъминланаяпти. Айтайлик фуқаро «А»га, мактабга бориш эҳтиёжи юзага келиши билан, мажбурий таълим сифатида мактабга бориш имконияти яратилиб берилаяптими? Жавоб: бериляпти. Бунинг учун пул унидирилаяптими? Жавоб: йўқ, ундирилмаяпти.
- 41-моддада келтирилган кафолат тушунчаси остида барча мактаблар бепул бўлиши юзасидан биронта талаб келтирилмаган ёки ҳар бир фуқарога хоҳлаган мактабида таълим олиш кафолати ҳам белгиланмаган.
Хоҳлаган мактабга бориш имконияти бўлса яхши бўлади албатта, лекин ҳуқуқий кафолат сифатида бундай норма ёки мажбурият конституциянинг 41-моддасида кўзда тутлмаган. Бу энг асосий аҳамият бериш керак бўлган жиҳатдир. - Тошкент шаҳрида Халқ таълими вазирлиги келтирган сабабларга кўра 81 та мактабда алоҳида тартиб ўрнатилаяпти. Шу билан бирга, шаҳарнинг ўзида бошқа 222 та мактаб мавжуд ва ўқувчиларни қабул қилишга тайёр. Бу ҳолатда қандай қилиб бепул таълим кафолати таъминланмаган дейиш мумкин? Албатта, бу асоссиз айблов бўлади.
Бундан ташқари, 6 ёшли болалар учун Тошкент шаҳрида 100 фоиз қамров асосида бепул тайёрлаш гуруҳлари фаолият юритади. - Давлат таълим тизимини ташкиллаштирар экан, конституцияда белгиланган кафолатни таъминлаган ҳолда, зарурият бўлганда пулли таълим муассасаларини ҳам ташкил этиши мумкин (бунга ҳеч қандай тақиқ йўқ). Акс ҳолда, 41-моддада белгиланган кафолат давлатнинг ушбу ҳуқуқини чеклаган бўлар эди, 41-модда маъносидан барча мактаблар бепул бўлиши лозим деган хулосага келиниши мумкин эмас.
- Қарорда ота-оналарнинг розилиги асосида йиғим ундирилиши кўзда тутилган.
Бунда мажбурий йиғим ундирилиши назарда тутилмаган. Яъни, фуқаронинг ўз микроҳудуди бўйича конституцияда кафолатланганидек таълим олишга 100 фоиз ҳуқуқи бор ва бу ҳуқуқ умуман чекланмаган.
Адлия маслаҳатчиси қонун хужжатларининг конституцияга мос ёки мос эмаслигини аниқлаш фақатгина Конституциявий суд ваколатига кириши, бошқа биронта орган, жумладан Адлия вазирлиги ҳам бундай ваколатга эга эмаслигини эслатган.
Мазкур масала юзасидан расмий изоҳ олиш учун Конституциявий судга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқлигини эслатган ҳолда, Адлия маслаҳатчиси
"Ҳурматли дўстлар, бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқий билимдонлиги жуда тез суръатларда ривожланиб, ошиб бормоқда. Биз буни олқишлаймиз. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардаги ҳиссиётларга асосланиб тарқатилаётган ҳар хил фикрлар асосида хулоса қилишга шошилмасликка чақирамиз" деб хулоса қилган.
Бунгача халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳам мазкур янги тизим бўйича батафсил тушунтиришлар берган. Биттасида нуфузли мактабларга болани жойлаштиришнинг антикоррупцион механизмини батафсил изоҳлаган бўлса, иккинчисида самарали ишлаётган директорларни қўллаб-қувватлаш эвазига коррупцияга барҳам бериш йўлларини айтган.
