"Кўнгли ярим": 500 мингга нархланган гўдак

"Кўнгли ярим": 500 мингга нархланган гўдак

Ҳаётнинг пасту баланди инсонни турли синовларга солади. Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги Ўрта қалъа овулида истиқомат қилувчи Нурназар ота ва Зийуархон ая ҳам ўғлини уйлантириб, неварали бўлишди. Эндигина фарзандлари роҳатини кўраман, деганида, аввалига ўғли, сўнгра келини бевақт оламдан ўтди.

Ота-онасидан эрта ажралган 9 яшар Гулшан бобоси ва бувиси қўлида қолди. Неварамизнинг кўнгли ярим, уни ҳеч кимдан кам қилмаслигимиз керак , дея нуронийлар ўзлари емай-ичмай, борини Гулшан учун сарфлашди. Оиланинг топган-тутгани неваранинг ярим кўнглини тўлдиришга кетарди. Қизалоқ ҳам бувиси ва бувасининг қўл-оёғига айланди.

Гулшан коллежга киргач, вазият ўзгарди. Дугоналарининг турли-туман либослари, янги русумдаги телефонлари Гулшаннинг ҳам иштаҳа сини очди. Нуронийлар аввалига унга қўл телефони, бежирим либослар олиб беришди, қўлига бериладиган пуллар вазни ҳам бирмунча ошди. Бора-бора қизнинг одатлари ҳам кўпайди. Кўчага чиқиб кетиб, алламаҳалда кириб келадиган бўлди.

Кунларнинг бирида Гулшаннинг тоби қочди. Ҳали 16 ёшга тўлмаган қизнинг ҳомиладор экани маълум бўлгач, катталар бошини чангаллаб қолди. Бобоси: Вақтида қарамадинг, доимо эркалатдинг , дея бувисини койиса, иккинчи томондан, Зийуархон ая юраги эзилиб йиғларди. Отаси ҳам номаълум бўлган ҳомила эса анча катта, ундан воз кечиш Гулшаннинг аҳволини оғирлаштириши мумкин эди. Ҳеч ким истамаса-да, чақалоқ яширинча дунёга келди.

500 мингга нархланган гўдак

Нурназар ота тезроқ гўдакдан қутулиш пайига тушди. Бу хақда аёлига ҳам бир неча бор айтди. Кўпчиликка овоза бўлмасдан боладан қутулиш керак , дея бот-бот такрорланган гаплар бувининг ҳам розилигига сабаб бўлди. Ўзаро маслаҳатлашиб, харидор топилса, гўдакни сотишга келишиб олишди.

Излаган имкон топар , деганларидек, тез орада харидор ҳам топилди. Қўшни маҳаллада яшовчи Гулмира Атоева билан савдо тезда пишди .

Сўраган пулларингиз жуда кам-ку. Майли, сизларга ёрдам бераман, деди Гулмирахон.

Барака топинг, боладан қутулишимиз керак ва шу орада бир-икки сўмлик бўлсак, дегандик, дея ўзини оқлади Зийуархон ая.

Эртасига пулни олиб келишга ваъдалашган Гулмира мазкур ҳолат бўйича туман ИИБ ходимларига мурожаат қилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёрдамида ушбу мудҳиш воқеанинг олди олинди.

Мазкур ҳолат Жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани судида кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, Нурназар Пирназаров ва Зийуархон Ўлжаева айбдор деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳуқуқбузарларнинг қилган ишидан қаттиқ пушаймонлиги, вояга етмаган неварасининг ёлғиз боқувчиси экани инобатга олиниб, жазо 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди.

Атиги 500 минг сўм... Наҳотки, дунёга келган норасида гўдак тақдири шу пулга баҳоланса? Ёш бўлса-да, оналик меҳри Гулшан қалбини забт этмадимикан? Неварасини оқ ювиб, оқ тараган нуронийлар наҳотки шу гўдакка раҳми келмаган бўлса? Уларни нафс балоси ўз исканжасига олдими ёхуд ориятми? Саволлар кўп, жавоб эса... Нима бўлганда ҳам, жиноят содир этилди. Суд эса уларнинг қилмишига яраша жазо тайинлади. Аммо ўз фарзандини пуллаш ниятида бўлган Гулшан ва унинг яқинлари виждон азобидан қандай қутулар экан?

Manba: mahalladosh.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!