Жойларда гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди
⚠️ “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида жойларда гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди.
1️⃣ Хусусан, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида яшовчи, 1983 й.т. шахс ушланиб, унинг ёнидан 5 гр “опий” моддаси топилган бўлса, у ижарага олган хонадондан эса 887 гр “опий” ва 71 гр “героин” гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Аниқланишича, у қўшни давлатдаги жиноий шерикларидан олиб келган ажал оғусини келгусида сотиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.
2️⃣ Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Фарғона туманида истиқомат қилувчи, 1991 й.т. фуқаронинг яшаш хонадонидан муқаддам Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган, умумий баҳоси 140 млн сўмни ташкил қилувчи, 2800 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди.
3️⃣ Бундай қонунбузилиш ҳолати Тошкент вилоятида ҳам қайд этилди. Яъни, Тошкент туманида яшовчи, 1996 й.т. шахс ва унинг таниши бўлган, 1994 й.т. Қозоғистон Республикаси фуқароси ўзаро келишган ҳолда, муқаддам Қозоғистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 300 мл “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситасини харидорга 300 АҚШ доллари ва 600 минг сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бундан ташқари, уларнинг ёнидан бир неча дона “Прегабалин” капсулалари ва “Тропикамид” суюқлиги бўлган флаконлар ҳам ашёвий далил сифатида олинди.
Аниқланишича, наркосавдогарлар мамлакатимизга кучли таъсир қилувчи моддаларни турли номдаги дори воситалари идишларига жойлаштирган ҳолда олиб келишган.
📗 Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
