Жарангдор номлар остидаги рекламалардан эҳтиёт бўлинг

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқ ва бошқа ахборот ресурсларида эълон қилинаётган рекламаларнинг қонунчилик талабларига мослиги доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда «молиявий пирамида» шаклидаги турли фирибгарлик схемаларига асосланган рекламалар кўпайиб кетди. Одатда бу турдаги фирибгарликлар юқори технологияли компания, истиқболли бизнес ва инновацион лойиҳа каби жарангдор номлар остида тақдим этилиб, қисқа вақтда катта даромад ваъда қилиш билан аҳолининг эътиборини тортмоқда.
Бундай ҳолатларнинг ортишига кўп жиҳатдан фуқароларнинг ишонувчанлиги ва молиявий саводхонлигининг етарли даражада эмаслиги сабаб бўлмоқда. Мутахассислар эса ҳар қандай сармоя киритиш билан боғлиқ бўлган даромад юқори хавф-хатарни ҳам ўз ичига олишини таъкидлайдилар. Шунинг учун инвестиция қилишдан аввал ҳар бир шахс ушбу таваккалчиликларни ҳам инобатга олиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188¹-моддасига кўра, "молиявий пирамида" шаклида жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкини жалб этиш, янги жалб қилинган маблағлар ҳисобига эски мажбуриятларни бажариш, шу каби фаолиятга раҳбарлик қилиш ёки уни реклама қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мазкур жиноятни содир этган шахсларга нисбатан оғирлаштирувчи ҳолатларда 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Турли фирибгарлик ва алдовлар қурбони бўлмаслик учун инвестиция қилишга доир реклама ва таклифларга эҳтиёткорлик билан ёндашинг. Қисқа муддатда юқори даромад ваъда қилувчи лойиҳаларга пул киритишдан олдин албатта ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашинг, шартномалар шартларини эса диққат билан ўрганиб чиқинг.