Италияда 500 минг ишчи иш ташлаш доирасида намойишга чиқди
Энг йирик касаба уюшмалари томонидан эълон қилинган умумий иш ташлаш доирасида 500 мингга яқин ишчи Италия шаҳарлари майдонларида митингга чиқди.
ANSA агентлиги 8 соатлик иш ташлаш ҳукуматнинг барча йирик тармоқлари, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим, шунингдек, давлат идоралари ва компанияларини қамраб олгани ҳақида хабар берди. Фақатгина транспорт, жумладан ҳаво ва денгиз қатнови расмийларнинг буйруғига биноан тўрт соатга тўхтатилди.
Энг йирик намойиш Болоньяда умумий Италия меҳнат конфедерацияси раҳбари Маурицио Ландини иштирокида бўлиб ўтди. Касаба уюшмаларига кўра, норозилик акциясини турли соҳалардаги ишчиларнинг 70 фоиздан ортиғи қўллаб-қувватлаган. Баъзи компаниялар кун бўйи ишламади. Мамлакат бўйлаб минглаб одамларнинг 43 та намойиши бўлиб ўтди; полиция билан тўқнашувлар фақат Туринда бўлган.
Бутун мамлакат бўйлаб иш ташлаш, касаба уюшмалари фикрича, ишчилар манфаатларини ҳисобга олинмаган бюджет лойиҳасининг маъқулланишига қарши норозилик сифатида эълон қилинган. Хусусан, соғлиқни сақлаш ва таълим, ижтимоий соҳага сарфланадиган маблағлар камайтирилаётгани илгари сурилмоқда. Италияда узоқ вақтдан бери энг кам иш ҳақининг соатига 9 евролик чегарасини белгилаш учун кураш олиб борилмоқда. Ишчи ўзини зарур яшаш воситалари билан таъминлай олмаганида, мамлакат "камбағал меҳнат" ҳақида тобора кўпроқ гапирмоқда.
Мамлакатдаги ижтимоий аҳвол ҳақидаги сўнгги маълумотларга кўра, Италияда 5,7 миллион киши, яъни деярли ҳар ўнинчи фуқаро мутлақ қашшоқликда яшайди. Болали ёш оилалар энг заиф гуруҳ бўлиб қолмоқда. Эътиборлиси, мамлакатнинг иқтисодий қудрати ҳисобланган шимолий Италияда сўнгги тўққиз йил ичида мутлақ қашшоқликда яшаётган италияликлар сони икки баравар кўпайган.