Исроил полицияси Ал-Ақсо масжидига чекловлар қўйишда давом этмоқда

Исроил полицияси Исломнинг энг муқаддас маскани Ал-Ақсо масжидига кенг қамровли чекловлар қўйишда давом этмоқда.
Исроил хавфсизлик кучлари фаластинликларнинг Шарқий Қуддусдаги масжидда ўтган ҳафталарда бўлгани каби жума намозини ўқишига яна бир бор тўсқинлик қилди.
Полиция эрталабки соатларда Эски шаҳар ҳудудида темир тўсиқлар ўрнатиб, хавфсизлик чораларини кучайтирди. Хавфсизлик кучлари нафақат ёш фаластинликларни, балки баъзи кексаларни ҳам Ал-Ақсо масжидига киритишга рухсат бермади.
Бундан ташқари, Исроил кучлари Эски шаҳар ҳудудидаги Ал-Ақсо масжиди мажмуаси ва унинг дарвозаларига киришга уринган фаластинлик ёшларга қарши куч ишлатган.
Шу тариқа, юзлаб фаластинликлар Жума намозини Ал-Ақсо масжиди ҳовлисида эмас, балки яқин атрофдаги ҳудудларда ўқишди.
Айни вақтда Вади ал-Жауз кварталида Исроил кучлари ва фаластинлик ёшлар ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. Фаластинликларни тарқатиш учун Исроил хавфсизлик кучлари канализация суви билан тўлдирилган сув тўпларидан фойдаланган.
Илгари одатда жума кунлари Ал-Ақсо масжиди ёнида 100-150 минг киши намоз ўқирди. Бироқ, Исроил томонидан киритилган чекловлар туфайли, 7 октябрдан буён сўнгги беш ҳафта давомида бўлгани каби, бу ҳафтада атиги 4 мингга яқин киши Ислом зиёратгоҳида намоз ўқишга муваффақ бўлди.