Исроил фаластинликларни қайси давлатларга кўчирмоқчи?
Нетаняху Ғазо аҳолисини депортация қилиш юзасидан бир қатор давлатлар билан музокаралар олиб борилаётганини тан олди.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняху Исроил Ғазо уруши натижасида ўз уйини тарк этган фаластинликларни қабул қилиш масаласида бир қатор давлатлар билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилди. Уларнинг Ғазодан кўчирилиши Исроилга этник тозалаш ва ҳудудни босиб олишни енгиллаштириши кутилмоқда.
CNN’нинг юқори лавозимли исроиллик манбасига кўра, Тел-Авив қуйидаги бешта давлат билан музокаралар олиб бормоқда:
-
Жанубий Судан
-
Эфиопия
-
Ливия
-
Индонезия
-
Сомалиленд (халқаро тан олинмаган ҳудуд)
Манбага кўра, бу давлатлар Ғазо секторидаги 2 миллиондан ортиқ одамдан камида бир қисмини қабул қилиш эвазига катта миқдорда молиявий ва халқаро компенсация талаб қилмоқда.
Жанубий Судан расмийлари аллақачон бу ҳақдаги музокараларни «асосга эга эмас» деб рад этди. Сомалиленд ҳам илгари бу ғояни рад этган эди. Ўтган ҳафтада Индонезия 2 минг фаластинликни фақат тиббий ёрдам учун қабул қилишга тайёрлигини, бироқ соғайганларидан кейин уларнинг Ғазога қайтарилишини айтган.
Ҳозирча Исроил олиб бораётган музокаралар қандайдир расмий келишувларга олиб келадими — номаълум.
Нетаняху урушдан кейинки Ғазо бўйича тўлиқ режани эълон қилмаган бўлса-да, бир неча бор фаластинликларни бошқа давлатларга кўчириш тарафдори эканини айтган. Бу ғоя дастлаб АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан илгари сурилган эди. У Ғазо ўрнида фаластинликларсиз «Яқин Шарқий Ривьера» яратишни таклиф қилган.
Трамп кейинчалик бу ғоядан воз кечганига қарамай, Исроил раҳбарлари ҳали-ҳануз бу режа тарафдори бўлиб қолмоқда.
Нетаняху i24 телеканалига берган интервьюсида бу режани «мажбурий депортация эмас, балки уларни кетишига имконият бериш» деб атади. У ўзини фаластин халқига ғамхўрлик қилувчи деб эълон қилган мамлакатларни «эшикларини очишга» чақирди, Исроилни танқид қилмасликни сўради.
Ушбу интервьюда Нетаняху «Буюк Исроил» ғоясини ҳам қўллаб-қувватлади. Бу баёнотлар Миср, Саудия Арабистони ва Қатар томонидан кескин танқид қилиниб, улар бу гаплар Яқин Шарқдаги тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришини таъкидлашди.
Нетаняхунинг бу баёнотлари Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳужумларини кучайтирётган бир пайтда янгради. Ғазо шаҳрида — 1 миллиондан ортиқ одам яшайдиган ҳудудда — сўнгги бир суткада камида 123 киши ҳалок бўлган, дея хабар бермоқда сектор соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Гуманитар ташкилотлар Исроилни зарурий ёрдамни блоклаб қўйишда айбламоқда. Очликдан вафот этганлар сони 200 кишидан ошган.
