Инглиз тили дарсларини қандай қизиқарли ўтиш мумкин?
Инглиз тилини ўрганиш бугунги тараққиётнинг асосий шартларидан биридир. Бинобарин, ёш авлод ўртасида ушбу фанга бўлган қизиқишни нафақат ошириш, балки уларнинг бу йўлдаги изланишларини рағбатлантириш ота-оналар қатори педагоглар зиммасига ҳам масъулият юклайди.
Шундай экан, устоз-муаллимлар интерфаол, инновацион ва қизиқарли усуллардан фойдаланиб, дарсларни мазмунли ўтишида ҳаракат қилиши зарур. Биламизки, таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини олиб кириш, улардан мақсадли ва тўғри фойдаланиш, шу орқали ўқувчида чет тилларга бўлган қизиқишни ошириш, ўқитиш самарадорлигини яхшилаш энг муҳим масаладир. Бугунги кунда таълим соҳасида турли хил усуллар мавжуд. Улардан дарс давомида янги мавзуни ёритишда кенг ва янада қизиқишларини ошириш мақсадида фойдаланиш зарур.
Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги 34-умумтаълим мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Муниса Урмансеванинг ўқувчилари нафақат Республика бўйича, балки чет давлатларда ҳам таҳсил олмоқда.
— Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда халқ таълими тизимида чет тилларини ўқитишда янги давр бошланди, талаблар, методика ўзгарди. Бунда илғор педагогик технологиялар, интерфаол, инновацион усуллардан фойдаланиш талаб этилмоқда. Мактабларда инглиз тили фани 1-синфлардан бошлаб ўтилаётгани бунинг тасдиғидир. Билимга чанқоқ болажонларнинг тил ўрганишга бўлган қизиқишларини ошириш, уларни инглиз тилининг бой оламига олиб кириш ўқитувчилардан катта меҳнат талаб этади. Албатта, бу борада дарсларни турли интерфаол ўйинлар асосида ташкил этиш уларда иштиёқини янада оширади. Ҳар йили ўнлаб ўқувчиларим талабалик бахтига эришаётганидан хурсандман. Ўқувчиларим бугунги кунда мактабда ўтилган инглиз тили дарслари билан АҚШ, Корея, Англиядаги энг нуфузли олий ўқув юртларида ўқишмоқда. Уларнинг ҳар бир ютуғидан устоз сифатида хурсанд бўлиб бораяпман. Яна ўнлаб ўқувчиларим Самарқанд давлат чет тиллари университетида ва пойтахтдаги Вестминстер олий ўқув юртларида талабалик бахтини сурмоқда. Бу ҳали ҳаммаси эмас, 20 дан ортиқ ўқувчиларим IELTS сертификатини қўлга киритишди. Ўқувчиларга инглиз тили грамматикаси, фонетикасини ўргатиш асносида шу тилда сўзлашувчи миллатлар маданиятини ҳам ўргатиб бораман. Ўқувчиларнинг қизи¬қиши кучайган заҳоти мавзуни ўзимизнинг тарихга қаратаман. Ушбу мактабда хорижий тилларни мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани кишини қувонтиради. Ўқув дастурлари доирасидаги дарслардан ташқари, мактаб қошида қўшимча тўгарак машғулотлари ҳам ташкил қилинган. Натижада ўқувчи ёшлар орасида тил билишга қизиқиш ўсиб бормоқда. Бу ҳам замон талабларига жавоб берадиган битирувчиларни тайёрлаш имконини беради.
