Гулнора Каримованинг адвокати мижозининг ҳуқуқлари бузилиши ортидан БМТга мурожаат қилди

Гулнора Каримованинг адвокати мижозининг ҳуқуқлари бузилиши ортидан БМТга мурожаат қилди

Гулнора Каримованинг ҳуқуқлари мунтазам равишда бузилгани муносабати билан унинг адвокати БМТга мурожаат йўллаган, деб ёзмоқда Effekt uz сайти.

Ўзбекистон Биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова томонда бўлган Женевадаги адвокатлар БМТнинг мустақил экспертларини унинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб топишга чақиришмоқда. Шу билан бирга, улар Швейтцария суд органлари томонидан амалга оширилган камчиликларни қоралаб чиққан.

2020 йилнинг декабрида Гулнора Каримова Швейцарияда бўлиб ўтган судда ғолиб чиққан эди. Суд қарорига кўра, Гулнора Каримова банкда музлатилган қарийб 350 миллион долларлик активга эгалик қилиши мумкин.

Швейцария федерал апелляция суди 3 декабрь куни Гулнора Каримовани Гибралтар офшор ҳудудида рўйхатдан ўтган Takilant Ltd. компаниясининг ҳуқуқий эгаси этиб топиш тўғрисидаги аризани кўриб чиққан ва уни қаноатлантирган. Мазкур компаниянинг Швейцария банкидаги ҳисобрақамида қарийб 350 миллион доллар миқдоридаги активлари 2018 йилда қабул қилинган жиноят иши қарори билан музлатилган.

Суд қарорига кўра, жиноят иши доирасида фақат Б. исмли шахс айбли деб топилган. У ҳужжатларни сохталаштириш, ноқонуний даромадларни легаллаштириш, Каримова номидан очилган компаниялар орқали поралар олишда айбдор деб топилган.

“Бу Гулнора Каримова учун муҳим ғалаба, федерал прокуратура унинг активларини мусодара этишга эришмоқчи эди”, деган Каримованинг адвокати Грегуар Манжа.

Гулнора Каримованинг адвокати мижозининг ҳуқуқлари бузилиши ортидан БМТга мурожаат қилди

Аввалроқ Швейцария ҳукумати Гулнора Каримовага тааллуқли 131 миллион долларни маълум шартлар билан Ўзбекистонга қайтаришга розилик бергани ҳақида хабар қилинганди. 2020 йилнинг май ойида эса Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 10 миллион доллар миқдоридаги активлар Франциядан Ўзбекистонга қайтарилгани маълум қилинди. Июнь ойида эса Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилган (бу Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган бир неча жиноят ишларидан фақат бири бўйича чиқарилган ҳукм), бироқ суднинг 2018 йил 1 июлдаги ажримига мувофиқ, “инсонпарварлик нуқтайи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда”, унга тайинланган жазони 5 йиллик уй қамоғига алмаштирилган.

Шундан сўнг Гулнора Каримова, маълум бир чекловларга риоя этиш шарти билан, қизи Имон Каримованинг Тошкентдаги уйида яшай бошлаган. Бироқ жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги учун (эътиборга молик томони, бу белгиланган тартибнинг биринчи марта бузилиши бўлмаган) у жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди қарори билан 2019 йил 5 март куни уй қамоғидан Зангиота туманидаги 21-сон умумий тартибдаги колонияга ўтказилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган турли хабарлар сабаб, Каримованинг қамоқхонадаги шароитлари юзасидан Омбудсман, Адлия вазирлиги ва ИИВ ўрганиш ва суҳбатлар ўтказган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!