Ғарб ҳаво мудофааси Россия ракеталарини қайтара оладими?
НАТОнинг ракетага қарши мудофаа тизимлари Россиянинг «Орешник» ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракетаси учирилганини аниқлашга қодир, бироқ уларнинг уни тутиб олиш самарадорлиги шубҳалилигича қолмоқда. Бундай баҳони Франциянинг Le Monde газетаси Франция Аэрокосмик кучларининг юқори мартабали зобитларининг сўзларига таяниб берган.
«[Украинанинг] иттифоқчиларининг огоҳлантириш тизимлари бу турдаги таҳдидни аниқлаши мумкин, аммо бу унинг зарарсизланишини кафолатламайди. Жавоб чораларини кўриш учун бор-йўғи 30 дақиқа вақт бор», — деди нашрнинг исмини ошкор этмаган суҳбатдоши.
Ракета учирилгандан сўнг унинг ядровий каллак билан жиҳозланган ёки йўқлигини аниқлаш ҳам мумкин эмас. «Орешник» - бу РС-26 «Рубеж» тизимининг рус баллистик ракетасининг ўзгартирилган версияси, парвоз масофаси 6 минг км гача. У 3-4 тагача ядро каллакларини олиб юришга қодир.
Франция ҳарбий раҳбарининг фикрича, Россия томонидан ўрта масофага учувчи «Орешник» ракетасидан фойдаланиш АҚШнинг Доналд Трамп бошчилигидаги янги маъмурияти билан мумкин бўлган музокаралар учун савдо воситаси сифатида қаралиши керак. «Руслар ўзларининг қатъиятларини намойиш этиш учун куч позициясини эгаллашга ҳаракат қилмоқдалар», деди Le Monde манбаси.
21 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин Днепрдаги Украинанинг «Южмаш» заводига зарба бериш учун Россия ядровий бўлмаган «Орешник» ракетасидан фойдаланганини айтди. Бу қадам Украинанинг Брянск ва Курск вилоятларидаги Россия нишонларига ҳужум қилиш учун Америка ва Британия ракеталаридан фойдаланишига жавоб бўлди.
Путиннинг таъкидлашича, Россия-Украина можаросини қўзғатган Ғарб сиёсати «жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин». Россия президенти 21 ноябрь куни кечқурун халққа мурожаатида шундай деди: «Биз АҚШнинг Европа ва Осиё-Тинч океани минтақасида жойлаштириш режаларига жавобан ўрта ва қисқа масофали ракеталарни ишлаб чиқмоқдамиз».
Ғарб таҳлилчиларига кўра, ядровий салоҳиятга эга «Орешник» ракетасининг учирилиши Киев ва унинг иттифоқдошларини қўрқитиш учун қилинган. Ракета фақат оддий жанговар каллакларни олиб юрган бўлсада, унинг характеристикалари - гипертовуш тезлиги ва каллакларни ажратиш қобилияти - тутиб олишни деярли имконсиз қилади, дея хулоса қилади Le Monde.