Ўзбекистон Осиёдан ЖЧ-2026га тўғридан тўғри йўлланмага эга чиқиш учун 4-даъвогар
Осиёда 2026 йилги жаҳон чемпионати ҳал қилувчи саралаш босқич 6-тур ўйинларидан кейин We Global Football портали миллий жамоаларнинг океан ортидаги турнирга бориш имконияти фоизларини янгилади. КХДР устидан қозонилган ғалабадан сўнг Ўзбекистоннинг мундиалда иштирок этиш имконияти оширилган.
Ўзбекистон миллий жамоасининг 4-турда Бирлашган Араб Амирликлари устидан қозонган ғалабасидан (1:0) кейин А гуруҳидан ЖЧ-2026 финал босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олиш имконияти 93,1 фоизга кўтарилган, Қатардан учралган мағлубиятлан кейин эса Сречко Катанец шогирдларининг имконияти 93,1 фоиздан 84,8 %га пасайтирилганди. Шимолий Корея устидан ғалабадан (1:0) кейин эса статистик портал Ўзбекистоннинг мундиалга чиқиш имкониятини 86,7 фоизга оширган.
Мамлакатимиз миллий жамоаси мундиалга тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиш учун даъвогарлар орасида ҳамон Япония, Эрон ва Жанубий Кореядан кейинги 4-ўриндан жой олган.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон миллий жамоасининг 3-турда Эрон билан дуранг (0:0) қайд этганидан кейин А гуруҳидан ЖЧ-2026 финал босқичига тўғридан-тўғри йўл олиш имконияти 75,9 фоиздан 82,8 фоизга кўтарилган эди. 2-турда Қирғизистон устидан эришилган ғалабадан (3:2) кейин Ўзбекистоннинг имконияти 70,3 фоиздан 75,9 фоизга кўтарилган, ЖЧ-2026га чиқа олмаслик имконияти эса 1 фоиздан 0,4 фоизгача пасайтирилган эди.
А гуруҳидан Эроннинг ЖЧ-2026га тўғридан-тўғри бориш имконияти энг юқори баҳоланган – 99,6%. Портал Осиёдан Япония ЖЧ-2026 масаласини амалда ҳал қилган деб ҳисобламоқда – 100 фоиз.
Осиё миллий жамоаларининг 6-турдан кейин ЖЧ-2026га бориш имкониятлари (We Global Football талқини):
1. Япония – 100% (5-турдан кейин – 99.9 % эди)
2. Эрон – 99.6% (99.4 %)
3. Жанубий Корея – 99.2% (99.5 %)
4. Ўзбекистон – 86.7% (84.8%)
5. Австралия – 79.2% (72.3 %)
6. Ироқ – 77.9% (44.3 %)
7. Иордания – 21,4 % (45 %)
8. БАА – 12,6 % (8,6 %)
9. Саудия Арабистони – 11.4% (22,9 %)
10. Баҳрайн – 4 % (2.4 %)
Маълумот учун, Ўзбекистон навбатдаги турда 20 март куни Тошкентда Қирғизистонни қабул қилади. Миллий жамоамиз А гуруҳида пешқадам Эрондан (16) кейинги 2-ўринни (13 очко) эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 учун Осиёга 8,5 ўрин ажратилган. Учта гуруҳдан 2тадан жамоа тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқса, гуруҳлардаги 3-4-ўриндаги жамоалар плей-оффлар орқали қолган 2,5та йўлланма учун кураш олиб боради. Жаҳон чемпионати 2026 йилнинг 11 июн — 19 июл кунлари АҚШ, Канада ва Мексиканинг 16та шаҳрида бўлиб ўтади.