Вафо ал-Бусаидий: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Ўмон султонлиги мулоқот, бағрикенглик кучига ишонади ва глобал миқёсда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Бу ҳақда Ўмоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо бинт Жабр Носир ал-Бусаидий Тошкентда султонлик миллий байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирдаги нутқида гапирди.
«Бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида кузатилаётган адолатсизликлар бизни жиддий хавотирга солмоқда. Хусусан, Фаластинда давом этаётган вазият бизда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Шу боис, Ўмон cултонлиги зудлик билан ўт очишни тўхтатишга, Исроил кучларини Фаластин ерларидан олиб чиқишга ва пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тиклашга чақиради. Ўмон cултонлиги халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишнинг аҳамиятини таъкидлайди, шу билан бирга, биз адолатни қўллаб-қувватлаш, Ғазо ва унинг ташқарисида азоб-уқубатларнинг янада ортиши олдини олиш учун ҳаракат қиламиз», – деди элчи хоним.
Таъкидланишича, расмий Масқат урушлар, можаролар, экологик инқирозлар каби глобал муаммоларни ҳарбий куч, маргинализация ёки икки томонлама стандартлар орқали ҳал қилиб бўлмаслигини тан олади. Шунга кўра чинакам хавфсизлик ва барқарорлик омили сифатида адолат, очиқлик ва ҳамжиҳатликка асосланган конструктив ҳамкорликка чақиради.
«Асрлар давомида Ўмон cултонлиги турли-туман маданиятлар ва халқлар, савдогарлардан тортиб қабилаларгача, муштарак мақсадлар ва ғоялар сари биргаликда интилиб келган муҳим марказ бўлиб хизмат қилган. Бу ҳамкорлик руҳи бугун ҳам миллатимиз ва ютуқларимизни шакллантиришда асқотмоқда», – деди дипломат.
Элчи ўз нутқи давомида Ўмон ва Ўзбекистон ҳамкорлигига ҳам алоҳида тўхталди.
Ўмон султонлиги 1991 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олган. Тошкентда султонлик элчихонаси 2010 йилда очилган.
«Ўмон султонлиги Ўзбекистонга инвестиция киритиш аҳамиятини биринчилардан бўлиб англаб етган давлатлардан бири бўлди. Бу борада 2010 йилда турли соҳаларга инвестициялар киритиш мақсадида 250 миллион АҚШ доллари миқдоридаги капиталига эга Ўмон–Ўзбекистон инвестиция компанияси ташкил этилди. Бу рақам 2025 йилга келиб 800 миллион АҚШ долларига етказилиши кутилмоқда. «UzOman Capital» Ўзбекистон хусусий секторида энг йирик инвестиция компанияси ҳисобланади. Айни пайтда компания логистика соҳасида ҳам кенгайишни режалаштириб, Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда мамлакат ва Марказий Осиё минтақасига қаратилган янги инвестиция фондини яратишни режалаштирмоқда», – деди Вафо ал-Бусаидий.
Икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар очилиши ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. «Oman Air» компанияси икки пойтахт ўртасида авиарейслар очиш устида иш олиб бормоқда. Ўзбекистондаги «Centrum Air» хусусий авиакомпанияси эса Тошкентдан Ўмоннинг Салалаҳ шаҳрига тўғридан-тўғри қатновларни амалга ошира бошлади.
Жорий йил март ойида Ўмоннинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор лаборатория хизматларини тақдим этиш, текшириш ва сертификатлашга ихтисослашган «Atyab» компанияси Ўзбекистонда илк хорижий лабораториясини очди. Бу лойиҳа инновацияларни ривожлантиришга қаратилган.
Октябрь ойида эса «Asyad Group» Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан англашув меморандумини имзолади. Ушбу келишув Ўзбекистон ва Марказий Осиёда қуруқлик портлари, омборхона хизматлари, ҳаво ва темир йўл орқали юк ташиш каби комплекс логистика ечимларини тақдим этишни назарда тутади.
Аввал хабар берганимиздек, Вафо ал-Бусаидий жорий йил 7 май куни президент Шавкат Мирзиёевга янги тайинланган элчи сифатида ишонч ёрлиғини топширганди.
Ўшанда Ш.Мирзиёев Ўмон Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги муҳим ҳамкорларидан бири экани, Тошкентда Султон Ҳайсам Ол Саид иштирокида очилган Шарқшунослик институтининг муҳташам кутубхонаси давлатларимиз ўртасида дўстлик рамзига айланганини таъкидлаганди.