ФАРЗАНДИНИНГ ТАЪМИНОТИДАН БЎЙИН ТОВЛАГАН ОТА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

ФАРЗАНДИНИНГ ТАЪМИНОТИДАН БЎЙИН ТОВЛАГАН ОТА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

Болага болалигини болалигида бериш керак. Уларнинг “хотира китоби”да оилавий низолар, дилхираликлар эмас, балки ота-онасининг бир-бирига бўлган меҳри, бир дастурхон атрофида жам бўлган бахтли оила, қувонч, кулги, фарзандлар билан ўтказилган унитилмас дақиқалар мухрланиб қолиши керак. Бироқ айрим ота-оналар ўз худбинликларини деб фарзандини тўлақонли оила бағрида улғайишдан мосуво қилиб қўйишади. 1990 йилда туғилган судланувчи ҳам уч нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси. Афсуски, судланувчининг фарзандлари ҳам айни ўша айрим болалар қаторида...

Судланувчи отадан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан бир нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун ҳар ойда ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Ҳатто 2020 йил 1 июндан 2021 йил 1 апрелга қадар вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги учун жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг қарори билан маъмурий жазога тортилган. Шунга қарамай, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб, 8 557 608 сўм алимент пулларини тўламай келган.

— Ишларим юришмагани, моддий қийинчиликларим бўлганлиги сабабли, алимент пулларини ўз вақтида тўлай олмадим. Ҳозирда таксичилик қилиб кун кўраяпман. Имконият берилса, алимент пулларини бўлиб-бўлиб тўлаб бераман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, - деди суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлган ота.

Суд мажлисида жабрланувчи она ҳам ўз ҳақиқатлари билан бўлишди. — Фарзандидан хабар олмайди. Фарзандимни даволатиш учун пул зарур. Бироқ доим қуруқ ваъдалар эшитаман, алимент пулларини тўламай алдаб юрибди, - деди 15 996 251 сўм алиментдан бўлган қарздорликни ундириб бериш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинлашни сўради она.

Суднинг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг 122-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 15 996 251 сўм алимент пули ундирилиши белгиланди.

Зохиддин Нуриддинов,

жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!