"Фариданинг икки минг қўшиғи" фильмидаги Робиянинг прототипи кимдан олинган?
"Фариданинг икки минг қўшиғи" – премьераси катта шов-шувларга сабаб бўлган, ҳали катта экранларда намойиши бошланмай туриб халқаро мукофотлар лауреатига айланишга улгурган омадли фильм.
Фильм ҳар томонлама ютуқларга бой кинокартина сифатида яратилган. Либослар, қаҳрамонлар танлови, суратга олиш жойлари, хуллас "аъло" баҳо қўйишга арзигулик жиҳатлари кўп. “Фариданинг икки минг қўшиғи” фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади. Юз бераётган воқеа-ҳодисаларга эътибор бермай, одамлардан нарида уч нафар хотини билан умргузаронлик қилаётган Комил бешинчи бор уйланади (хотинларининг бири занжирбанд қилинган ҳолда алоҳида яшайди). Янги аёлнинг оилага кириб келиши билан боғлиқ баъзи можаролар ва ҳудуддаги сиёсий аҳвол хонадоннинг пароканда бўлишига сабаб бўлади.
Фильмда аёллар образига алоҳида тўхталадиган бўлсак, 5 актриса 5 қаҳрамонни маҳорат билан ижро қилган. Маълумотларга кўра, тарихда фильмдаги каби реал воқеа содир бўлган экан. Зайнаб, Зоҳида, Зебо номлари билан машҳур бўлган разведкачи аёл Майна Ҳасанованинг тақдири фильм қаҳрамонларидан бири Робиянинг қисмати билан ўхшаш. Майна Ҳасанова камбағал деҳқон оиласида туғилган, Қизил Армия жангларида қатнашган, деган маълумотлар мавжуд. Уни Бухоро амирининг бекларидан бирига хотин қилиб узатишади. Қиз мажбурий никоҳдан ўтиб, эрининг уйида кундошлари билан бирга яшайди. Худди фильмдаги каби у ўз эрини ўлдиради. Қизил Армияда хизмат қилиб, босмачиларга қарши курашган Майнани 1922 йил душманлар қўлга тушириб, чап қўли, кўкраклари ва тилини кесиб ташлашади. У умрининг давомини олган жароҳатларини даволаш билан ўтказади.
Майна Ҳасанова ҳаёти ва кўрсатган жасорати билан боғлиқ шеърлар битилган, асарлар ёзилган, мусиқий драма яратилган ҳамда бадиий фильм ишланган. Ҳаттоки, 1970 йил рассом Медат Кагаров томонидан унинг учун алоҳида галерея ташкил этилган. 1980 йил "Ўзбекфильм" студияси томонидан Майна Ҳасанова жасорати ҳақида ҳикоя қилувчи "Афсонадаги қиз" ("Девушка из легенды") фильми суратга олинади. Унда Майна Ҳасанова ролини актриса Шоира Турсунбоева ижро қилган. Фильмда яна ролларни Ҳамза Умаров, Жавлон Ҳамроев, Рашид Маликов, Бахтиёр Ихтиёров, Зикир Муҳаммаджонов, Раззоқ Ҳамроев ва бошқалар ижро қилишган.
