Энергетик сулҳ: Украина Россия дронлари ва ракеталарининг кенг кўламли ҳужумига учради
Бу ҳақда “Страна” нашри хабар берди.
29 январ куни Трамп Путин бир ҳафта давомида Киев ва Украинадаги бошқа шаҳарларни ўққа тутмасликка рози бўлганини айтган эди.
Хабар қилинишича, дастлабки зарбалар Киев ва Харков шаҳарларига берилган. Киевда бир нечта портлашлар содир бўлган. Шаҳар мэри Виталий Кличко Дарница туманида нотурар бино ва болалар боғчасига зарба текканини маълум қилди.
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти эса Деснянский туманида нотурар бино, Шевченковский туманида эса кўп қаватли уй зарарланганини билдирди.
Харков мэри Игор Тереховнинг айтишича, шаҳар энергетика инфратузилмаси бир неча соат давомида нишонга олинган. Унинг сўзларига кўра, етказилган зарар жиддий. Терехов иссиқлик тармоқларининг музлаб қолишининг олдини олиш мақсадида йирик иссиқлик электр станцияларидан бири ёрдамида таъминланадиган 820 та уйда иссиқлик ташувчини мажбурий равишда бўшатишга тўғри келишини маълум қилган. У буни оғир, аммо мавжуд вазиятда ягона имкон деб атаган.
Портлашлар Запорижжя, Днепр шаҳри, Одесса вилояти ва бошқа ҳудудларда ҳам кузатилган.
Украина ҳарбийларига яқин Telegram-каналларга кўра, ҳужум нишонларидан бири Ровно атом электр станциясини Киев ва мамлакатнинг марказий ҳудудлари билан боғловчи 750 кВли подстанция бўлган. Ушбу объект аввал ҳам зарбага учраган ва мутахассислар ҳодисани Киевда электр энергияси билан боғлиқ оғир вазиятнинг асосий омилларидан бири сифатида баҳолаган.
Мониторинг манбаларига кўра, Россия томонидан қанотли ракеталар учирилган, дронлар ҳужуми ҳам тўхтамаган. Зарба нишонларидан бири Винница вилояти экани айтилмоқда.
Ҳозир Украинада қиш мавсумининг энг совуқ кечаси кузатилмоқда. Харков ва Киев шаҳарларида ҳаво ҳарорати −20 даражагача тушган.
