Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ахбороти дастлабки тарзда кўриб чиқилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг йиғилишида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2024 йил биринчи чоракда ижро этилиши ҳолати юзасидан Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ахбороти кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Давлат дастури халқимиз фаровонлигига эришиш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан кўриб чиқилган даврда вазирлик томонидан қатор ишлар амалга оширилганлиги депутатлар томонидан қайд этилди.
Хусусан, жорий йилда мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши белгиланган бўлиб, баҳорги кўчат экиш мавсумида уларнинг 125 млн. тупини экиш назарда тутилган. Ҳисоботда келтирилишича, март ойи якунига кўра 70,6 млн. туп кўчатлар экилиши таъминланган.
Шу билан бирга “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудлар кесимида 444 та “яшил боғлар” барпо этиш параметрлари тасдиқланганлиги, Оролбўйи минтақасидаги 95 минг гектар майдонда “яшил қоплама”лар ва ҳимоя ўрмонзорлари ташкил этилганлиги алоҳида қайд этилди.
Иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида хавфли гидрометеорологик ҳодисаларни барвақт аниқлаш, тоғ дарёлари оқими прогнозларининг ишончлилиги даражасини ошириш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш натижасида бузилган ер майдонларини рекультивация қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилган.
Йиғилишда қайд этилганидек, Айдар-Арнасой кўллар тизимида табиий экологик тизимларнинг таназзулга учраши суръатларини пасайтириш, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб бораётган турларини қайта тиклаш, биохилма-хилликни сақлаб қолиш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлар ишлаб чиқилган.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари билан қамраб олиш даражаси маҳаллалар кесимида 94 фоизга, аҳоли кесимида 69 фоизга етказилган. Чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 40 фоизга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинган. Шунингдек, йил якунига қадар 24 та маиший чиқинди полигонларини рекультивация қилиш, тупроқ билан ёпиш ва фаолиятини тўхтатиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва республика ҳудудидан олиб чиқишда экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни мажбурий экологик сертификатлаш тартибини такомиллаштириш, маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимини янада ривожлантириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Депутатлар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгилаб берилган вазифаларни сифатли ижро этиш, йирик саноат корхоналарининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш мақсадида уларнинг ҳудудларига ва туташ ҳудудларга кўчатлар экиш орқали “яшил белбоғ”лар барпо этиш ишларини янада жадаллаштириш юзасидан фикрлар билдирилди.
Аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари билан қамраб олиш даражасини ошириш борасидаги ишлар етарлича ташкил этилмаганлигига, хусусан, 69 фоиз аҳоли бу турдаги хизматлар билан қамраб олинганлигига эътибор қаратилди.
Йиғилишда Давлат дастурида белгиланган вазифларнинг бажарилиш ҳолатини назорат-таҳлил тартибида мунтазам ўрганиб бориш ҳамда унинг ижроси юзасидан вазирликнинг ахборотини қўмита мажлисида эшитиш юзасидан қарор қабул қилинди.