“Ал-Қоида” етакчисининг боши учун 3,5 млн доллар мукофот берилади
Малини бошқараётган ҳарбий хунта Ияд Аг Гали ҳақида маълумот берганларга 3,5 миллион доллар мукофот пули тикди. Бу шахс апрель ойида йирик ҳужум бошлаган “Ал-Қоида” гуруҳининг Саҳал тармоғига раҳбарлик қилади. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Ияд Аг Гали “Жамоат Нусрат ал-Ислом вал-Муслимин” (ЖНИМ) гуруҳининг бошлиғидир. Уни Африканинг Саҳал минтақасидаги бир қанча давлатлар қидирмоқда. Бу давлатларнинг кўпини ҳарбий хунталар бошқармоқда.
ЖНИМ Саҳалдаги ҳарбий хунталарга қарши курашаётган энг йирик исломий гуруҳ ҳисобланади. Бу минтақада кўплаб экстремистик исломий ва айирмачи (сепаратист) гуруҳлар фаолият юритади.
Минтақадаги энг кўп қидирилаётган одам — Ияд Аг Гали муқаддам Мали дипломати бўлган. Шунингдек, у туарег исёнчилари сафига кирган. Туарег халқи асосан Саҳройи Кабир чўлидаги давлатларда яшовчи ярим кўчманчи туб этник гуруҳдир.
Ияд Аг Гали нафақат Африкада, балки АҚШ ва Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан ҳам қидирилмоқда. Мали Хавфсизлик вазирлиги Галининг қўлга олиниши ёки йўқ қилинишига ёрдам берадиган маълумот учун 2 миллиард CФА франки (3,5 миллион доллар) ажратди.
Мали хавфсизлик ва фуқаро муҳофазаси вазири генерал-маёр Довуд Али Моҳаммедин фармон имзолади. Унга кўра, Галининг ўринбосарларидан бири Амаду Куффа учун 2,5 миллион доллар мукофот ваъда қилинган. Шунингдек, икки нафар туарег исёнчилари етакчиси, жумладан, айирмачи Алгабасс Аг Инталла ҳақида маълумот берганларга ҳам нақд пул тўланади.
“Ушбу шахслар миллий ҳудудда одамлар ва уларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солган. Улар террорчилик ҳаракатларини режалаштириш, ташкил этиш ва амалга оширишда гумон қилинмоқда. Шу сабабли ҳукумат уларни фаол қидирмоқда”, дейилади миллий телевидение орқали ўқиб эшиттирилган баёнотда.
