Давлат харидларининг соддалаштирилган ва икки босқичли шакллари жорий этилади
Кичик қийматли давлат харидларининг соддалаштирилган тартиби ва харидларнинг икки босқичли шакли жорий этилмоқда. Бир нечта давлат буюртмачилари бир хил турдаги товарлар (хизматлар)ни марказлаштирилган харид органи орқали харид қилиши мумкин бўлади. Шунингдек, қонунчиликка доиравий келишув амалиёти ва барқарорлик принципи ҳам киритилди.
Президент "Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қонунни имзолади.
"Давлат харидлари тўғрисида"ги қонунга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
- харид тартиб-таомилларининг янги турларини (кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиби, икки босқичли давлат харидлари) жорий этиш;
- барқарорлик принципи, марказлаштирилган давлат харидларини амалга ошириш механизми, доиравий келишувни тузиш ва амалга ошириш тартибини белгилаш;
- давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқишда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш чоралари.
Шундай қилиб, икки босқичли давлат харидлари деганда бир шартнома бўйича маълум қийматдаги техник жиҳатдан мураккаб товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидларини амалга оширишнинг икки ўзаро боғлиқ босқичда ўтказиладиган рақобатбардош усули тушунилади.
Энди бир нечта давлат буюртмачилари бир хил турдаги товарлар (ишлар, хизматлар)ни марказлаштирилган харид органи орқали марказлаштирилган тарзда харид қилишлари мумкин. Бу орган Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Марказлаштирилган харид органи томонидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати махсус ахборот порталида эълон қилинади.
Шунингдек, давлат буюртмачиси энг яхши таклифларни танлаш ёки тендер натижалари бўйича аниқланадиган бир нечта ғолиблар билан 1 йилдан 3 йилгача муддатга доиравий келишув тузиши мумкин.
Бир шартнома бўйича БҲМнинг 50 бараваридан кўп бўлмаган суммадаги (бюджет буюртмачилари учун – БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган суммадаги) давлат харидлари харид комиссиясининг иштирокисиз, лекин бир молия йили давомида бир корпоратив буюртмачи учун БҲМнинг 1000 бараваридан кўп бўлмаган сумма ва бир молия йили давомида бир бюджет буюртмачи учун БҲМнинг 500 бараваридан кўп бўлмаган суммага ўтказилиши мумкин.
Бунда ғолиб давлат буюртмачиси томонидан очиқ ахборот манбаларидан олинган нархларни таққослаш ёки давлат харидларини ўтказиш тўғрисида эълон жойлаштирмасдан товарлар (ишлар, хизматлар)нинг камида 3 та потенциал етказиб берувчисидан нархларни сўраш орқали аниқланади.
Ҳужжат 2025 йил 27 февралдан кучга киради.