Осиё бозорларидан кейин Европа фонд бозорларида пасайиш бошланди

Осиё бозорларидан кейин Европа фонд бозорларида пасайиш бошланди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Савдо бошида Германиянинг DAX индекси 10 фоизгача тушди. Энг йирик европалик компанияларни бирлаштирувчи Stoxx Europe 600 индекси 5,1% га пасайди.
Британиянинг FTSE 100 индекси 6 фоизга, Франциянинг Cаc 40 индекси эса 7 фоизга тушди.
Finmarket нашрининг қайд этишича, энг катта пасайишлар мудофаа ва саноат компаниялари акцияларида кузатилган. Германиянинг қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи Rheinmetall концерни акциялари 27 фоизга арзонлашди, шундан сўнг савдо тўхтатилди.
Тайваннинг фонд бозори 9,7 фоизга тушиб ёпилди, бу тарихдаги энг катта пасайиш бўлди. Гонконг фонд биржаси 13,12% қийматини йўқотди, бу 1997 йилдан бери энг ёмон кўрсаткич. Сингапурнинг Straits Times индекси 7,7% га арзонлааҳиб, сўнгги 16 йилдан ортиқ вақт ичидаги энг катта бир кунлик пасайишни қайд этди.
CNBC телеканали бошловчиси Жим Крамернинг айтишича, агар Трамп глобал тариф режимини юмшатмаса, АҚШ 1987 йилдаги “Қора душанба”га ўхшаш бозор қулаши билан юзма-юз келиши мумкин.
Бундан ташқари, Brent маркали нефтнинг бир баррели учун 63 доллардан арзонлашди, нефт нархи охирги беш савдо кунида 15 фоизга пасайди.