Давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари ўтган йилга нисбатан 8 фоизга ошди
АОКАда Божхона қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев иштирокидаги брифингда 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Қайд этилишича, 17 мингга яқин тадбиркорга божхона тўловларидан 49,6 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар қўлланилди, 6,6 триллион сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.
9 мингга яқин ҳолатда 914 миллиард сўмлик товарлар, 35 миллиард сўм эквивалентидаги валюта қимматликлари, 76 миллиард сўмлик заргарлик буюмлари, 62 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланувига чек қўйилди.
2024 йилда божхона органлари томонидан 1 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари, 554 минг дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар ашёвий далил сифатида олинди.
Божхона тартиботларини соддалаштириш орқали 6 мингга яқин экспортёр ҳамда 20 мингга яқин импортёрнинг ортиқча сарф-харажати ва вақти тежалишига эришилди.
Хорижий инвестициялар билан ишлаш йўналишида 474 та лойиҳа ижросида 8 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши мувофиқлаштирилди.
2025 йилда божхона органлари томонидан божхона қонунчилигини янада такомиллаштириш, соҳани рақамлаштиришга қаратилган ахборот тизимларининг қамровини кенгайтириш, божхона назорати тартиботларини соддалаштиришга қаратилган устувор йўналишлар белгилаб олинган.