«Дарахтлар реестри» лойиҳаси доирасида ўқув курслари учун рўйхатга олиш бошланди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳри ҳудудидаги дарахтларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш ва уларнинг электрон маълумотлар базасини яратиш мақсадида «Дарахтлар реестри» лойиҳаси доирасида ўқув курсларини ташкил этмоқда.
Ушбу ўқув курсларида ўқиш ва кейинчалик дарахтларнинг инвентаризациясида иштирок учун базавий экологик, ўрмончилик йўналишларида (дендрологик) билим ва кўникмаларга эга, 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган талабгорлар таклиф этилади. Лойиҳага қабул қилиш суҳбат асосида амалга оширилади.
Лойиҳадан мақсад Тошкент шаҳри ҳудудидаги дарахтларни хатловдан ўтказиш бўлиб, 120 нафар талабгор қабул қилинади.
Ўқув курсларида қуйидаги йўналишларда таълим берилади:
— дендрологик билимни ошириш;
— дарахтларни тўғри парваришлаш;
— дарахтларнинг касалланиш ҳолатларининг олдини олиш;
— суғориш тизимларини ўрганиш;
— умумий экологик билимни ошириш;
— геодезия ва GNSS қурилмаларидан фойдаланиш.
Ўқув курслари 1 ой давом этади.
Муваффақиятли тамомлаганлар шартнома асосида Тошкент шаҳри ҳудудидаги дарахтларни махсус GNSS қурилмалари ёрдамида хатловдан ўтказиш ишларини амалга оширади ва уларга белгиланган тартибда ойлик иш ҳақи берилади. Лойиҳа давомийлиги — 2 йил. Якунда иштирокчиларга сертификат берилади ва экология соҳасидаги ташкилотларга ишга жойлашишига кўмаклашилади.
Лойиҳада иштирок этиш ва қўшимча маълумотлар учун (94)992-24-14 телефон рақамларига қўнғироқ қилинг ва маълумотларингизни эcоилм@umail.uz почта манзилига юборинг.
Мурожаатлар 12 февралдан 20 февралгача қабул қилинади.