«Чет элда ўзбекистонлик ишчиларга талаб жуда юқори» – Ташқи ишлар вазирлиги

«Чет элда ўзбекистонлик ишчиларга талаб жуда юқори» – Ташқи ишлар вазирлиги

 

 

Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Шуҳрат Маҳмудовнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, хорижга ишлаш мақсадида кетган ўзбекларнинг аҳволи бир неча вазирликлар билан ҳамкорликда уларнинг оила аъзоларидан суриштирилмоқда.

«Бизнинг вазирлик вакиллари Меҳнат ва Ички ишлар вазирликлари ходимлари билан биргаликда хорижга ишлаш учун кетган ватандошларимиз оила аъзолари билан учрашиб, уларнинг қаерда ва қандай иш билан бандлиги, нима муаммолари борлигини ўрганишмоқда. 

Афсуски, аксарият меҳнат муҳожирларимиз чет элга чиққач, ўша давлат қонунларини кўп бузишади. Айниқса, пандемия даврида кўплаб ватандошларимиз хорижга ноқонуний йўл билан чиққан ва ишлаган. Уларнинг кўпчилигида маблағи ёки паспорт муддати тугаган, регистрацияси ҳам ўтиб кетиб Ўзбекистонга қайтишга имконияти бўлмаган. Ички ишлар органларидан қочиб юрганлар кўп. Паспорт йўқотса, қаерга боришни билмайди. Элчихонага келишга қўрқади.

Ҳозиргача тахминан 1800 нафар чет элга ишлаш учун кетган юртдошимиз шундай ҳолатга тушгани аниқланди ва уларнинг рўйхати тузилди ҳамда жўнатилди.

Меҳнат вазирлигидан ўтган куни маълумот олдик, яна 400 нафар одамда паспорт муаммоси бор экан. Уларнинг паспортлари муддати тугаган. Телефон рақамларини топдик. Уларга элчихоналар орқали чиқилиб, ҳар бирига паспорт ёки Ўзбекистонга қайтиш ҳужжатлари расмийлаштирилади.

Маблағи бўлмаса, моддий ёрдам берамиз, ишсиз бўлса иш билан ҳам таъминлаяпмиз. Чунки ҳамма элчихоналаримиз йирик иш берувчилар билан доимий алоқада. Чет элда ўзбекистонлик ишчиларга талаб жуда катта.

Рақамларга келсак, вазирлигимиз томонидан 2020 йилда 560 минг нафар ўзбекистонликнинг ватанга қайтишига ёрдам берилди. Ўтган йили салкам 19 минг юртдошимизга 1 миллион 300 минг доллардан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилган. 100 минг нафардан ортиқ кишига консуллик ёрдамлари берилган», - деди вазирлик вакили.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!