Бухорода рашк оқибати жиноят билан якун топди

Судланувчи М.Х. қасддан жиноят содир қилиш йўлига кириб, қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноятини содир этган.
Жумладан, у 2020 йил 18 февраль куни соат 12:00ларда Бухоро шаҳар, ... кўчасида жойлашган 5Б-уйнинг 4-қават хонадон олдида таниши М.А. билан жанжаллашиб қолган. Натижада лезвия билан М.Анинг юз қисмига бир неча маротаба қасддан уриб, Бухоро вилоят СТЭ бюросининг 20.02.2020 йилдаги 131Т-сонли суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, соғлиғининг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноятини содир этган.
Судланувчи М.Х. суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, жабрланувчи М.А. унинг қариндоши эканини, М.А.нинг собиқ турмуш ўртоғи Б.А. билан ишқий муносабатларини сезиб, рашк оқибатида келишмовчилик юзага келгани, 2020 йил 18 февраль куни соат 12:00 ларда Бухоро шаҳар, кўчаси, 5Б-уй, 4-қават, хонадон олдида жабрланувчи А.М. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик натижасида уни қўлида бўлган лезвия билан юз қисмидан бир неча маротаба қасддан уриб, шикаст етказганини, айбига иқрорлигини, бироқ жабрланувчи М.А.дан кечирим сўрамаслигини, жабрланувчи М.А. билан ярашмаслиги, унинг аёллиги, қарамоғида беш нафар фарзанди борлиги, айни вақтда ҳомиладор эканини инобатга олиб, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатма берди.
Жабрланувчи М.А. суд мажлисида ўз кўрсатувида, судланувчи М.Х. унинг қариндоши экани, собиқ турмуш ўртоғи Б.А.билан ўзини ишқий муносабатлари борлигини ёлғондан айтгани сабабли, 2020 йил 18 февраль куни соат 12:00 ларда Бухоро шаҳар, ... кўчаси 5Б-уй, 4-қават, хонадон олдида судланувчи М.Х. билан ўрталарида ўзаро келишмовчилик келиб чиққани, шунда судланувчи М.Х. қўлида бўлган лезвия билан юз қисмидан бир неча маротаба қасддан уриб, шикаст етказгани, унга ярашув ҳуқуқи тушунтирилганлиги, бироқ у ярашмаслиги, судланувчи М.Х.га нисбатан даъвоси борлиги, унга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириб беришни ҳамда судланувчи М.Х.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб кўрсатув берди.
Суд, дастлабки тергов органи томонидан судланувчи М.Х.нинг жабрланувчи М.А.га қасддан соғлиғининг қисқа муддатли бузилишига олиб келган қасддан енгил тан жароҳати етказиш аломатлари билан боғлиқ жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 109-моддасининг 2-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблаб.
Судланувчи М.Х.га нисбатан жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, аёл киши эканлиги, оилавий шароитини, қарамоғида беш нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, ҳомиладорлигини инобатга олиб Судланувчи М.Х.га Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси
109-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб унга нисбатан қилмишиги ва шахсига мос жазо тайинланди.
А.А.Жабборов, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси