Бувайда тумани ИИБда фуқаролардан ноҳақ пул ундириляптими?

Жорий йилнинг 12-май куни “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали “Бувайда тумани ИИБ паспорт бўлинмасидаги бир фаолият тури бўйича” сарлавҳаси остида хабар берилганди. Мазкур хабарда бувайдалик исми сир қолишини истаган фуқаронинг Бувайда тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасида анкета сўровномасини тўлдириш учун ноҳақ пул олинаётганлиги тўғрисида ёзилган бўлиб, тўпланган пуллар ИИБ раҳбарияти томонидан ўзаро тақсимлаб олинаётганлигига ишора қилинган.
Фарғона вилояти ИИБ мазкур ҳолат бўйича расмий баёнот берди.
Интернет тармоқларида тарқалган ушбу ҳабар ўрганилганда, туман ҳокимлигининг қарори билан фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Бувайда тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси маъмурий биносидан ташқари ҳудудда хусусий тадбиркорлар томонидан аҳолига хизмат кўрсатувчи ва устама ҳақи эвазига барча тўловларни амалга ошириш имкониятига эга шаҳобчалар фаолияти йўлга қўйилганлиги маълум бўлди.
Бу дегани, фуқаролар ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида бевосита юқоридаги шаҳобчалар хизматидан фойдаланишга мажбур эканлигини билдирмайди.
Туман ИИБ МваФРБ биносида ҳам фуқароларга қулайликлар яратилган бўлиб, анкета сўровномасини ўзи тўлдиришни истаган фуқаро учун ҳужжатларни тайёрлашда намуналар жойлаштирилган. Тўловларни эса, исталган шаклда, яъни нақд пул ёки банк пластик карталаридан фойдаланиб, банк ҳамда пайнет шаҳобчалари орқали амалга оширишлари мумкин.
Шу ўринда, аҳолига пуллик хизмат кўрсатаётган шаҳобчалар хусусий тадбиркорлик субъектлари бўлганлиги сабабли, уларнинг фаолиятига аралашиш ёки назорат қилиш Бувайда туман ИИБ ваколатига кирмаслигини ҳам эслатиб ўтамиз.
Қолаверса, Бувайда тумани ИИБ ҳамда туман МваФРБ бошлиғи фамилиядош бўлиб, тасодифий ўхшашлик уларнинг қариндош эканлигини англатмайди.
Омма эътиборига мақола тайёрлаб, бировни қоралашдан олдин, мавзунинг таг замирига етиб, моҳиятини англаб олиш зарур.
Ички ишлар органлари фаолиятига оид ҳар қандай ноўрин билдирилган мулоҳазалар фуқароларимиз онгида салбий фикр шаклланишига олиб келиши мумкин.