Бразилиядан шов-шувли баёнот: Неймарни мундиалга олиб бориш хато!
"ПСЖ" ва “Бавария” ўртасидаги Чемпионлар лигаси ярим финалининг дастлабки учрашуви (5:4) бутун дунёда шов-шувларга сабаб бўлди ва бу баҳс муҳокамаси давом этмоқда. Бразилияда кўпчилик ушбу учрашувдан ҳайратда қолди, бироқ машҳур таҳлилчи Валтер Казагранде бу учрашув орқали Неймарни аёвсиз танқид қилиш йўлини топди.
- Неймарни олинг, кеча Жанубий Америка кубогида “Сан-Лоренсо”га қарши ўйнаган ўша Неймарни айтяпман. Уни "ПСЖ" ва “Бавария” учрашувининг марказига қўйинг-чи. Уни майдонда қандай тасвирлайсиз? Унинг қилган ишларини, кўрсатган шижоатини (интенсивлигини) олинг-да, "ПСЖ" ва “Бавария” даражасига қўйинг.
Неймар майдонда худди йўлини йўқотган суваракдек ҳар томонга аланглаб, айланиб юрган бўларди. Тўпга тегишга ҳам улгурмасди. Бундай даражадаги ўйинларни кўриб туриб, Неймарни жаҳон чемпионатида ўйнашга қодир, деб айтиш қийин, - деди Валтер Казагранде.
Таъкидлаш жоизки, Неймар Бразилия терма жамоаси сафида 2026 йилги жаҳон чемпионатига боришни истаяпти. Бош мураббий Карло Анчелотти фақат энг юқори даражадаги тайёргарликка эга ўйинчиларни чақиришини таъкидлаган.
Неймар эса, кейин бир неча мавсум давомида юқори даражада ўйин кўрсатгани йўқ, қолаверса, унинг жароҳатларга мойил бўлиб қолгани спорт формасини тўлиқ тиклашга йўл қўймаяпти.
