АҚШда “Грин карта” ва иммиграция визалари учун текширувлар кучайтирилди
АҚШда “Грин карта” ва иммиграция визалари учун текширувлар кучайтирилди. Бу ҳақда CBS News хабар берди.
Телеканалнинг ички ҳужжатлаига таяниб хабар беришича, Доналд Трамп маъмурияти мигрантларнинг айрим тоифалари учун янги текширув чораларини жорий қилган.
Маълум қилинишича, кучайтирилган текширувлар бошпана сўраш, “Грин карта” (доимий яшаш ҳуқуқи), АҚШ фуқаролигини олиш (натурализация), қариндошлар ёки унаштирилганлар учун топширилган ҳомийлик аризалари каби имтиёзларни сўраб топширилган аризаларга тааллуқлидир.
Янги қоидаларга кўра, АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати ходимларига кучайтирилган текширувдан ўтмаган ҳар қандай аризани тасдиқлаш тақиқланади. Ўтган ҳафтада иммиграция хизмати ходимларига йўриқнома юборилган. Унга кўра, кўриб чиқилаётган аризалар Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) базаси орқали қайтадан текширилади. Бу чора Трампнинг феврал ойидаги фармони билан боғлиқ.
Доналд Трамп АҚШ президенти лавозимига қайтганидан бери миграция қоидалари бир неча бор мураккаблаштирилди. Эндиликда аризачиларнинг ижтимоий тармоқлари “антиамерикача” қарашлар ёки фаолиятлар бўйича текширилмоқда. Кўплаб миграция ишлари секинлашган ёки бутунлай тўхтатилган. Миллий хавфсизлик иддао қилиниб, 39 та давлат фуқароларидан ҳуқуқий миграция сўровларини қабул қилиш музлатиб қўйилган.
