Болаларни итдек ҳурдирган дефектологга жиноят иши қўзғатилди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган, ўзини гўёки дефектолог-психолог деб атаган Д.Ж. дудуқланган болаларни сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга урингани акс этган видеохабар бўйича Болалар омбудсмани 2024-йилнинг якуни ва 2025-йил январ ойида ўрганиш олиб борган ва бу ҳақда жамоатчиликка маълумот берган.
Хусусан, Болалар омбудсманининг Д.Ж.нинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун киритган сўрови асосида малакали дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ ўтказган ўрганиш натижасида, педагог Д.Ж.нинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда эканлиги, Д.Ж.нинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган.
Бунинг асосида Болалар омбудсмани томонидан прокуратура органларига ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш тўғрисида сўров киритилган ва Д.Ж.га нисбатан жиноят иши юритуви олиб борилган.
Маълум вақт ўтганидан сўнг Д.Ж. аввалгидек дудуқланиши бўлган болалар билан ўзининг илмий асосланмаган, дефектологияга дахли йўқ амалиётини давом эттиргани кузатилди.
Д.Ж.нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан 2025 йилнинг 2 июн куни Болалар омбудсмани Бош прокуратурага тегишли сўров юборди.
Натижада 25.06.2025 йили Тошкент шаҳар, Юнусобод туман прокуратураси томонидан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор (17.04.2025 йилда чиқарилган) бекор қилиниб, иш ҳужжатлари тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Юнусобод туман ИИБ ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.
04.07.2025 йили Тергов бўлими томонидан Д.Ж.нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан мазкур иш бўйича ўз кузатувини давом эттиради.
Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади.
