Аввал 5 йилга қамалган "Тошиссиққуввати" ходими яна фирибгарликка қўл урди

Аввал 5 йилга қамалган "Тошиссиққуввати" ходими яна фирибгарликка қўл урди

“Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади”, дейишади. Бироқ 26 ёшли “Тошиссиққуввати” ДУКнинг филиалларидан бирида компьютер техниги вазифасида ишлаган ходим такроран фирибгарлик жиноятига қўл урди...

Энг қизиғи, биринчи гал фирибгарлик жиноятига қўл урганида 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Лекин бу жазо тегишли хулоса чиқариш учун етарли бўлмаган кўринади. Йўқса, яна худди ўша “йўл”дан юришни лозим топармиди?!

Судланувчи ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида бир эмас, икки эмас нақ 34 нафар шахснинг ишончини суиистеъмол қилади.

У 2019 йилнинг баҳоридан 2020 йилнинг сўнгига қадар, “Тошиссиққуввати” ДУКнинг филиалларидан бирида ишлаган. Илк “ўлжа”сига иссиқ сув учун тўланиши лозим бўлган жами 1 100 000 сўм пулларни касса орқали унинг хисоб рақамига тўлаб қўйишни ваъда беради. Ундан нақд пулларни олиб, мазкур суммага квитанция ёзиб беради. Аммо берган ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.

“Қаҳрамон”имиз ҳожатбарорликни давом эттириб, яна бир фуқародан иссиқ сув учун тўланиши лозим бўлган жами 2 428 000 сўм пулларни олиб, доимгидек квитанция ёзиб беради. Бу гал ҳам пулни чўнтакка уради.

Шу тариқа, кимдандир 600 000 сўм, бошқасидан 3 200 000 сўм, яна бировдан 5 000 000 сўм, жами эса 51 026 000 сўм пулларни олиб, ҳамма фуқарога олган суммаси учун квитанция ёзиб бераверган. Лекин тарки одат – амри маҳол деганларидек бирорта фуқаро номидан касса орқали уларнинг ҳисоб рақамига пул тўланмаган. Табиийки судланувчи берган ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган.

Судланувчи суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдирди.

— Ҳақиқатдан ҳам иссиқлик тарқатиш бўлимида компьютер техниги вазифасида ишлаганман. Бўлим бошлиғининг топшириғига кўра, фуқаролардан нақд пул қабул қилиб олинган. Сўнг нақд пулларни бўлим бошлиғим ва бошқа шахслар билан бўлишиб, ўзлаштирганмиз. Олинган пулларнинг бир қисмини мен ўзлаштирганман, қолганини бўлим бошлиғи ва унинг ёрдамчилари ўзлаштирган, - дея қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий шароитини инобатга олиб, енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

“ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИ УНДИРИБ БЕРИШНИ СЎРАЙМАН”

Жабрланувчилардан бири суд мажлисида қуйидагиларни баён қилди:

— 2019 йилнинг ноябрида туман иссиқлик тарқатиш бўлимига иссиқлик таъминотидан бўлган қарзимни тўлаш учун бордим. Кассаси ёнида ўтирган судланувчи компьютер орқали кўриб, 1 620 000 сўм қарздорлигим борлигини айтди. Унга нақд пул бердим, тўлов тўланганлигини тасдиқловчи квитанция тўлдириб берди. Шу билан 2020 йилнинг ноябрида яна тўлов учун бордим. Яна ўша ходим 1 580 000 сўм тўлашим кераклигини айтди, нақд пул бердим. Тўлов тўлаганлигини тасдиқловчи квитанция берди. Бироқ уйимга туман иссиқлик тарқатиш бўлимидан қарздорлик хақида хатлар кела бошлади. Бўлимга борганимда эса тўланган жами 3 200 000 сўм кассага кирим қилмаганини билдим. Суддан етказилган зарарни ундириб беришни сўрайман.

ФИРИБГАРГА ҚАНДАЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ?

Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга ЖК 59-моддаси 8-қисми тартибида суднинг ҳукми билан аввал тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни корхона, муассаса ва ташкилотларда моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчидан 34 нафар жабрланувчилар фойдасига етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Зохиддин Нуриддинов,

жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!