АҚШ ва Ислом

Ушбу мавзуда қалам тебратишга ва мавжуд ҳолатни қисман таҳлил қилишга сўнгги йиллар мобайнида инсоният жамиятида диний бағрикенгликдан, инсонпарварликдан йироқлаштирадиган, бир қанча ақидапараст гуруҳларининг ваҳшиёна ҳаракатлари оқибатида “исломофобия” сингари тушунчаларнинг авж олиши ва унинг сабабларини ўрганишга бўлган қизиқиш туртки бўлди. Бугунги кунда “Имкониятлар мамлакати” дея ном қозонган, демократия ва инсон ҳуқуқлари юксак баҳоланадиган бу мамлакат аҳлида аслида эзгуликлар дини, юксак ахлоқ дини, мукаммал илмлар дини бўлмиш ислом недан қўрқинч ва нафрат ҳиссини уйғотмоқда деган савол қизиқиш уйғотди. Буни билиш учун ишни тарихга назар ташлашдан бошладик. Бу дин ушбу мамлакатда қанчалик умрга эга? У қачон кириб келган ва мамлакат аҳолисига қанчалик даражада яқин деган саволларга жавоб қидириш асносида қуйидаги қизиқарли маълумотларга дуч келдик. Америкага ислом қачон кириб келган, унинг бугуни қандай ва эртасидан нималар кутилмоқда каби саволларга қисман тўхталдик.
Йиллар ва рақамлар. Кеча...
Интернетда келтирилган тарихий маълумотларга кўра, АҚШда йириклиги жиҳатидан насронийлар ва яҳудийлар динидан кейин учинчи ўринда турувчи ислом дини қарийб 400 йил олдин Африка аҳолиси орқали кириб келган. Баъзи манбаларда ҳатто Колумбнинг кемасида мусулмонлар ҳам бўлганлигини таъкидланади. Бинобарин, муслимларнинг Америкага илк бор қадам қўйиши XVII асрда Африка қулларининг келтирилиши билан изоҳланади.
Мусулмон муҳожирларининг навбатдаги буюк кўчиши XIX асрнинг ўрталарида бошланган. XIX асрнинг охирларида 1920 йилларга қадар Қўшма Штатларга асосан Ливан ва Суриядан кўплаб араблар келган. Бу муҳожирларнинг аксарияти (қарийб 90%) араб христианлари бўлиб, уларнинг кўпчилиги Ўрта Ғарбда қўним топган.
1880 йилдан 1914 йилгача Қўшма Штатларга бир неча минг мусулмон Усмонлилар империясининг собиқ ҳудудларидан ва Бобурийлар империясидан кўчиб келади.
Афро-америкаликлар I ва II жаҳон урушидан сўнг жанубдан шимолий шаҳарларга қора танлиларнинг Буюк Кўчиши (the Great Migration of Blacks)дан сўнг ўзларининг исломий илдизларини қайта кашф қилишга киришадилар. Афро-америка исломининг янгидан пайдо бўлиши ХХ асрдан бугунга қадар изчил давом этган ҳодиса дея таъкидланади. Бугун афро-америкалик мусулмонлар америкалик мусулмон аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил қилади.
1965 йилдаги Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан сўнг мусулмонлар бошқа муҳожирлар билан бир қаторда Америкага кўчиб кела бошлашган. Иммиграция қонунларининг ўзгариши юқори малакали мутахассисларга АҚШга киришига рухсат берди. Ушбу давр мобайнида келган кўплаб мусулмонлар Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё (Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш)дан эди.
1990 йиллардан бошлаб, ислом, АҚШда тобора кўзга кўрина бошлади. Реw тадқиқот марказининг 2014 йилги маълумотларига кўра, мусулмон америкаликларнинг 45 фоизи 1990 йилдан сўнг келган.
Масжидлар
Маълумотларга қараганда, Қўшма Штатлардаги расман энг қадимги масжид Шимолий Дакота штатида жойлашган. Гарчи, 1800 йилларнинг охирига келиб АҚШда масжидлар қурилган бўлсада, Шимолий Дакотанинг Росс шаҳарчасидаги масжид ҳали ҳам мавжуд бўлган энг қадимий масжид ҳисобланади. Камтар бинонинг қулаши натижасида у 1979 йилда бузиб ташланган. Кейинчалик унинг асосчилари ва христиан дўстларининг ташаббуси билан 2005 йилда янги масжид қуриш учун пул ажратилган.
Америка Қўшма Штатларидаги яна бир қадимий масжид Америка Қўшма Штатларининг Она-Масжиди ҳисобланади. Қолаверса, у яна «Фратернитй Лодге Росе» ва «Мослам Темпле» (Муслимлар ибодатхонаси) номи билан ҳам танилган. У 1934 йилда қурилган бўлиб, 1929 йилда қурилган кичик Шимолий Дакота штатидаги масжиддан кейин иккинчи ўринда турувчи энг қадимий масжид ҳисобланади. Она-Масжиди Айова штати тарихий реэстри ва тарихий жойларнинг миллий реестрида «Америкадаги диний тарихнинг асосий қисми бўлиб, у АҚШда Ислом ва мусулмонларни бағрикенглик ва қабул қилишни ифодалайди» дея номланиб қайд қилинган. 1996 йилга келиб у Миллий Рўйхатга олинган.
Америка-Исломий Алоқалар Кенгаши (Council on American-Islamic Relations (CAIR))нинг маълум қилишича, 1994 йилдан 2011 йилгача масжидлар сони 962дан 2,106 гача ўсганини хабар қилинади.
Расмий маълумотлар
Америка бугун этник жиҳатдан хилма хил миллат вакиллардан таркиб топган мусулмонларга макондир. У шу жиҳатдан дунёнинг бошқа қисмидаги мусулмонлардан ажралиб туради. Америка мусулмонлари ҳаётнинг барча соҳаларида фаолдирлар. Уларнинг аксарияти шифокорлар, такси ҳайдовчилари, адвокатлар, газета сотувчилар, бухгалтерлар, уй хизматчилари, академиклар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спортчилар ва санъаткорлардир. Америкаликлар машҳур мусулмонлар сифатида Муҳаммад Али, Малкольм Х, Мосс Деф, Фарид Закария, Шакил О'Нил, Майк Тайсон, Лупе Фиаско, Доктор Оз ва Рима Фақиҳни танишади.
Фикр ўрнида шу айтиб ўтиш жоизки, ҳар қандай тушунчани ортида илм ётади. Илм қанчалик чуқур бўлса, тушунча шу қадар теран бўлади. Қиёслаш учун мисол тариқасида 2010 йилда қайд этилган Реw тадқиқот марказининг олдинги тадқиқотларида бўлгани каби, америкаликларнинг мусулмон дини ҳақида билишлари сўралган ва аксарияти дин ҳақида жуда кам маълумотга эга эканлиги аниқланган. Ҳозирги вақтда (2010 йилга кўра) уларнинг 55 фоизи бу дин ҳақида кўп нарса билмаслиги, (30%) мусулмон дини ҳақида ҳеч нарса билмаслиги, (25%) ушбу дин амалларига риоя қилаётгани, 35 фоизи дин ҳақида бироз билишини, фақат 9 фоизи яхши билишини кўрсатган. Бу рақамлар 2007 йилдан бери ўзгаришсиз бўлган.
2017 йилга келиб Реw тадқиқот марказининг америкаликлар орасида ўтказилган яна бир сўровига кўра, улардан тўққизта динни «ҳиссиётлик термометр» га кўра 0 дан 100 гача баҳолаш сўралган. Бу ерда 0 энг энг салбий ва 100 энг ижобий кўрсаткич этиб белгиланган бўлиб, америкаликлар мусулмонларга ўртача 48 даража (50) овоз бергани маълум қилинган. Мазкур маълумот мусулмонларга нисбатан қарашлар бир неча йил аввалги йилларга қараганда ижобийлашганини кўрсатади. 2014 йилда АҚШда истиқомат қилувчи катта ёш вакиллари шунга ўхшаш сўровда мусулмонларга 40 даража ўртача балл беришган эди.
Бу аҳоли орасида диний тушунчаларни теранроқ англашига, уни ғоявий ақидапарастликдан ажрата олиш учун кўпроқ тушунча берилиб, таҳлил қилиб борилиши уларнинг диний бағрикенглигини янада кенгайишига сабаб бўлади.
Жамоатчилик фикри
Яна Реw тадқиқот марказининг 2017 йилги АҚШ Мусулмонлари масаласидаги тадқиқотлари Америка Қўшма Штатларидаги мусулмонлар жуда кўп диний камситилишларини пайқашди. Қолаверса, АҚШнинг кўпчилик мусулмонлари президент Доналд Трампнинг тарафдорлари ва уларнинг америкаликлар дўстлари исломни умуман АҚШда жамиятининг бир қисми сифатида кўрмайдилар деб ўйлашади. Шунга қарамасдан, америкаликлар мусулмонлар америкалик эканликларидан фахрланишади, ҳамда бу мамлакатда астойдил оғир меҳнат орқали чинакам муваффақиятга эришиш мумкинлигига ишонадилар.
Америкалик мусулмонларнинг ярми сўнгги йилларда АҚШда мусулмонлар учун вазият қийинлашганини таъкидламоқда. Уларнинг 48 фоизи сўнгги 12 ой ичида камида бир марта улар билан боғлиқ камситилиш ходисаси содир бўлганлигини айтишмоқда. Бироқ, барчасига қарамай мусулмонларнинг 55 фоизи америкаликлар АҚШ мусулмонларига нисбатан дўстона муносабатда деб ҳисоблашади. Мисол тариқасида айтиб ўтиш лозимки, турли диний ва ирқий мамлакатда яшовчи АҚШ мусулмонлари дўстларининг кўпчилигини мусулмон бўлмаганларни ташкил қилади. Бу эса ушбу мамлакатда диний бағрикенглик ва инсонпарварлик ғоялари барқарорлигига ишора бўла олади.
Кўрсаткичлар ва прогнозлар
Манбаларда келтирилишича, демографик тасаввурлар тахминига кўра, 2050 йилга келиб мусулмонлар АҚШнинг 2,1 фоизини ташкил этади ва ислом дини яқин келажакда АҚШнинг иккинчи энг катта диний қатламига айланади.
Шундай экан, бу динни зўравонлик тушунчасидан ажратиш учун ушбу мамлакатда янада кўпроқ етук олимлар ва аналитиклар шакллантирилиши замон талабига айланади.
Зумрадхон Шукурова,
Azon.uz сайти учун АҚШдан тайёрланди