АҚШ Нигердаги ҳаво базасидан қўшинларини олиб чиқиб кетди

АҚШ Нигердаги ҳаво базасидан қўшинларини олиб чиқиб кетди

АҚШ ҳарбий қўмондонлиги 7 июль куни Нигердаги 101-ҳаво базасидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Манбада айтилишича, Нигер пойтахти Ниамей яқинида жойлашган ҳаво базаси тўлиқ демонтаж қилинган. Қуролли қисмлар ҳудуддан эвакуация қилинган. АҚШ яқин ҳафталарда Агадез шаҳри яқинидаги ҳарбий базани ҳам ёпишни режалаштирмоқда.

“Нигер ва Америка қуролли кучлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик ва алоқа туфайли ушбу операция муддатидан олдин ва ҳеч қандай салбий асоратларсиз якунланди”, — дейилади Нигер ва АҚШ Мудофаа вазирликлари қўшма баёнотида.

Нигерда ўтган йили юз берган давлат тўнтариши оқибатида ҳарбий хунта ҳокимиятга келган эди. Жорий йилнинг апрель ойида эса хунта раҳбарияти АҚШга талаб юбориб, мамлакат ҳудудида бўлиб турган 1000 кишилик ҳарбий контингентни олиб чиқишни сўраган эди.

Нигернинг Агадез шаҳри яқинидаги АҚШ базаси асосан террорчиларга қарши операциялар ташкил этиш учун фойдаланилган. Базанинг умумий қиймати 100 миллион доллар атрофида бўлиб, у Ғарбий Африкадаги энг йирик ҳарбий иншоотлардан бири ҳисобланади.

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари генерал майори Кеннет Экман Нигер ҳукуматининг шошилинч талабларига муносабат билдириб, катта ҳарбий иншоотларни қисқа фурсатда кўчириб бўлмаслигини айтган. Вашингтон босқичма-босқич, режа асосида ҳарбийларни олиб чиқиши таъкидланган.

Нигер ҳарбийлари АҚШга ҳарбий қисмларни эвакуация қилиш учун 15 сентябргача муҳлат берган. Шу муддатгача талаб бажарилмаса, кескин чоралар кўрилиши айтилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!