АҚШ ҳарбийлари Сурияда ўтказган операцияда ИШИД қўмондони йўқ қилинди

АҚШ ҳарбийлари Сурияда ўтказган операцияда ИШИД қўмондони йўқ қилинди

АҚШ ҳарбийлари 19 июнь куни Сурияда махсус операция ўтказиб, ИШИД қўмондонини йўқ қилган. Бу ҳақда Al Arabiya нашрига таяниб Дарё нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, чоршанба куни АҚШ Марказий қўмондонлиги буйруғи билан Суриянинг қатор ҳудудларида ҳаво ҳужумлари амалга оширилган. Ҳужумларда ИШИДнинг юқори мартабали амалдори ва қўмондони Усама Жамол Муҳаммад Иброҳим ал Жанабий йўқ қилинган.

“Унинг ўлими ИШИДнинг террорчилик ҳужумларини амалга ошириш ва уюштириш қобилиятига путур етказади”, — дейилган АҚШ Марказий қўмондонлиги хабарида

Ҳужум оқибатида тинч аҳоли орасида жабрланганлар бўлмаган. Сурия ҳукумати расмийлари ҳам ҳалок бўлганлар ва шикастланганлар ҳақида маълумот тарқатмаган.

АҚШ расмийлари махсус операция ўтган ҳафтада ИШИД гуруҳи Сурия ҳукумати қўшинлари базасида ташкил этган терактга жавобан амалга оширилганини маълум қилган. Ўша терактда 16 нафар суриялик аскар ва 1 нафар офицер ҳалок бўлган эди.

“Аскарлар миналанган майдонга тушиб қолган ва ИШИД гуруҳи аъзоларининг ҳужумидан кейин ҳалок бўлган”, — дейилган Сурия расмийлари тарқатган хабарда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг январь ойида эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, ИШИДнинг Ироқ ва Суриядаги умумий кучи 3000 дан 5000 нафаргача жангчини ўз ичига олади. Ушбу ҳарбий отрядлар асосан Суриянинг Бадиа чўлида жойлашган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!