АҚШ Британияда тактик ядро қуролини жойлаштириши мумкин
Қўшма Штатлар яқин бир неча йил ичида Буюк Британиядаги “Leykenhit” ҳарбий базасига тактик ядро қуролини жойлаштириши мумкин, деб ёзди “Telegraph” газетаси.
– Вашингтон “Leykenhit” ҳарбий базасида янги тактик ядро қуролларини сақлаш омборини қурмоқда. Баъзи тактик жанговар каллаклар кейинги йилда, яъни, ушбу иншоот қуриб битказилгач олиб келиниши кутилмоқда, -дейилади нашр тарқатган хабарда.
Газетанинг қайд этишича, ҳозирда Европада Американинг 100 га яқин “Б61” атом бомбаси жойлаштирилган. Январь ойида “Telegraph” нашри АҚШ 15 йил ичида биринчи марта Британияда ядро қуролини жойлаштиришни режалаштираётгани, чунки Россиядан таҳдид кучаяётгани ҳақида хабар тарқатган эди эди.
Яқинда “New York Times” газетаси томонидан америкалик конгрессменлар ўртасида сўров ўтказилиб, натижалари эълон қилинди.
Унга кўра, бир қатор америкалик конгрессменлар бошқа мамлакатдан ҳужум содир бўлган тақдирда АҚШ президенти томонидан Конгресс рухсатисиз ядро қуролидан фойдаланишни қўллаб-қувватламоқда.
Газетанинг ёзишича, январь ойида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ва Сенатда иш бошлайдиган 530 нафар конгрессмен сўровда иштирок этган. Улардан “Президентнинг бир томонлама ядровий жавоб зарбасини бериш бўйича ҳуқуқини қўллаб-қувватлайсизми?” ҳамда “Президент бошқа мамлакатнинг ядро ҳужумига қарши Конгресс рухсатисиз жавоб қайтаришига розимисиз?” деб сўралган. Қизиқ жиҳати, саволлар орасида “АҚШ сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трампнинг бу ваколатларга эга бўлишига қандай фикр билдирасиз?” деган савол ҳам бўлган.
Нашрнинг эслатишича, бугунги кунда АҚШ президенти мамлакат ядро арсенали устидан тўлиқ ваколатга эга. У “исталган вақтда ва исталган нишонга” фақат ўз буйруғи билан, мувофиқлаштирмасдан, олдиндан зарба бериши мумкин.
Аввалроқ “Wall Street Journal” хабардор манбаларга таяниб, АҚШнинг бўлажак президенти Дональд Трамп Эронда ядро қуроли яратилишининг олдини олиш мақсадида ушбу давлатга ҳаво ҳужумлари уюштириш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.