АҚШ бошпана сўровларини кўриб чиқишни музлатиб қўйди
Президент Дональд Трамп маъмурияти бошпана бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишни вақтинча тўхтатди. АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати директори Жозеф Эдлоунинг маълум қилишича, қарорлар ҳар бир хорижликни энг юқори даражада текшириш имкони пайдо бўлгунча қабул қилинмайди. Бу ҳақда The Guardian ёзган эди.
Кеча Дональд Трамп янги миграцион ташаббусларини эълон қилди. Унинг айтишича, у «учинчи дунё» мамлакатларидан иммиграцияни тўхтатишга эришмоқчи.
Президент Truth Social платформасидаги хабарда, АҚШ фуқаролигига эга бўлмаган шахслар учун федерал имтиёзлар ва субсидияларни бекор қилишни режалаштираётганини қўшимча қилди. Шунингдек, у «мамлакат тинчлигига таҳдид солаётган» мигрантларни фуқароликдан маҳрум қилиш ниятини ҳам маълум қилди.
Трамп давлат ҳисобига яшовчи, хавфсизликка таҳдид солувчи ёки президент таъбири билан айтганда, «ғарбий цивилизацияга мос келмайдиган» чет эл фуқароларини депортация қилишга ваъда берди.
Давлат котиби Марко Рубио қўшимча чекловлар жорий этилганини маълум қилди. У ижтимоий тармоқ Xда АҚШ афғон паспорт эгаларига виза беришни тўхтатганини айтди.
«Қўшма Штатлар учун мамлакатимиз ва халқимизни ҳимоя қилишдан муҳимроқ устувор вазифа йўқ», — деди у.
Сан-Диегодаги Afghan Evac гуруҳи раҳбари Шон Ван Дайвернинг таъкидлашича, Трамп маъмурияти «бир шафқатсиз одам билан боғлиқ ҳодисадан олдиндан тайёрлаб қўйилган сиёсатни илгари суриш учун фойдаланмоқда». Унинг айтишича, ҳукумат «ўз разведкасидаги камчиликларни» «бутун бир жамоат ва улар билан бирга хизмат қилган собиқ ҳарбийларни жазолаш» учун баҳонага айлантирмоқда.
АҚШ расмийларининг баёнотлари 27 ноябрдаги отишма фонида янгради. Миллий гвардиянинг икки нафар ҳарбийси Оқ уй яқинида яраланди. Жабрланганлардан бири кейинги куни вафот этди. Қотил қўлга олинди.
ФБР гумонланувчининг шахсини аниқлади — у Афғонистондан келган Раҳмонулло Лақанвал экани маълум бўлди. У АҚШга 2021 йилда Байден маъмуриятининг американ қўшинлари чиқарилгандан кейин афғонларни кўчиришга мўлжалланган «Союзчилар учун бошпана» дастури доирасида кўчиб келган.
Afghan Evac гуруҳи маълум қилишича, Лақанвал бошпана сўровини Байден маъмурияти даврида топширган. Ташкилотнинг айтишича, ариза шу йил Трамп маъмурияти даврида маъқулланган.
